Сайт тест режимида ишламоқда

2023/2024 йилларда ОТБ иштирокида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ДХШ асосида 13 та умумий ўрта таълим мактаби ташкил этилади

31 май 2023 йил
image

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида давлат-хусусий шериклик асосида халқаро стандартларга жавоб берадиган умумий ўрта таълим мактабларини қуриш, уларга юқори даражада техник хизмат кўрсатилишини таъминлаш, ўқувчиларга сифатли таълим олиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида тегишли Президент қарори қабул қилинди.

Унга кўра, 2023-2024 йилларда ОТБ томонидан Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида битта, Тошкент вилояти Зангиота туманида 5 та, Ўрта Чирчиқ туманида 2 та, Қибрай туманида 3 та, Тошкент туманида эса 2 – жами 13 та мактаб қурилиши белгиланди.

Маълумотларга кўра, банк томонидан лойиҳа иштирокчиларига техник хизмат кўрсатиш ва тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун қайтариб бериш шарти билан 1,1 млн доллар ажратилади. Шунинг 150 минг доллари давлат бюджети ҳисобидан, 950 минг доллари эса хусусий шериклар томонидан банкка қайтарилади.

Янги умумий ўрта таълим мактабларини ташкил этиш бўйича давлат шериги этиб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги белгиланди. Хусусий шерик халқаро тендер натижалари бўйича аниқланади. Дастлабки тендерлар шу йил август ойидан эълон қилиниши белгиланган.

Тендер орқали мактабларни кейинчалик тасарруф этиш ҳуқуқисиз қуриш, жиҳозлаш ва эксплуатация қилиш юзасидан ДХШ тўғрисидаги битим тузилади.

Хусусий шерик ўз маблағлари ва кредитларини жалб қилиш ҳисобига мактабларни лойиҳалаштириш, қуриш ва жиҳозлаш ишларини амалга оширади. Вазирлик эса давлат бюджети ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан топширилган мактабларда таълим жараёнини ташкил этади.

Қайд этилишича, янги мактаблар қурилиши учун Тошкент вилоятидан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган жами 67,55 гектар ер ажратилган. Шунинг 66,98 гектари суғориладиган ер участкалари ҳисобланади. Ҳужжатга кўра, мазкур суғориладиган ерлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан аҳоли пунктларининг ерлари тоифасига ўтказилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu