Сайт тест режимида ишламоқда

"Ёшлар ўқитувчига эҳтиёж юқори бўлган олис ҳудудларга бориб ишлашларини истардим"

17 август 2023 йил
image

"Ёшлар ўқитувчига эҳтиёж юқори бўлган олис ҳудудларга бориб ишлашларини истардим"

"Муаллимнинг бир куни" рукни остида "қизил ҳудуд"га келиб ишлаётган Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги 63-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Гавҳар Бекмирзаева билан суҳбатлашдик:

- Маълумки, Президентимизнинг тегишли қарорига биноан таълим сифати паст ёки олис ҳудудларда жойлашган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудуддан келган ўқитувчиларга махсус устамалар жорий қилинди. 

Мен ҳам шу асосида Наманган вилоятидан келиб Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги таълим сифати паст бўлган 63-мактабда бошланғич синфларга дарс бердим. Бунга сабаб аввало бошқа ҳудудларда ишлаб кўриш, тажриба орттириш истаги бўлди. Бу ердаги болалар шу қадар тиришқоқки, озгина туртки ва йўналиш бериш орқали уларда юксак натижаларга бўлган хоҳишни кўриш мумкин. Олис ҳудудга бориб ишлаш нафақат тажриба орттириш, балки савоб иш эканлигига ҳам амин бўлдим.

Яшаш шароитига мослашиш бироз қийинчилик туғдирди, бироқ қишлоқ одамларининг самимийлиги, бағрикенглиги ва меҳмондўстлиги тезда кўникишимизга ёрдам берди. Шу ўринда ҳужжатларимизни расмийлаштиришда беминнат ёрдам берган вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига, Денов туман ҳокимлигига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Оилангиз билан бегона жойга кўчиш одамни чўчитадиган ҳолат, лекин атрофда яхши инсонлар бўлса, бундан қўрқмаслик керак экан. Ҳали келганимизга кўп бўлмасдан кўпчилик билан яқин бўлиб кетдик. Ота-онамизни, яқинларимизни соғинганимизда улар билан суҳбатлашиб худди ўз жигарларимизни кўргандай бўламиз.

Албатта муносиб шароит иш унумдорлигининг ошишида ёрдам беради. Мен ҳам берилган имкониятлар: яхши маош, турар жой, меҳрли жамоа, қизиққон ўқувчиларим: бир сўз билан айтганда севимли касбимда ишлаётганимдан мамнунман. Бугунги ёшларга иккиланмасликни, кадрлар шундоқ ҳам етарли бўлган шаҳарларда қолмасдан эҳтиёж юқори бўлган олис ҳудудларга келишларини, давлатнинг кўмаги орқали ҳам даромадларини, ҳам тажрибаларини орттириш мумкинлигини таъкидлаган бўлардим.

Шаҳарда имкониятлар жуда кўп, нимагадир эришиш нисбатан осонроқ. Аммо қишлоқда, илмга муҳтож, янгиликларга чанқоқ болалар яшайдиган узоқ ҳудудларда улар учун янги имкониятлар яратиш чин маънода қаҳрамонлик бўлиши мумкин. Айрим дипломлари бўла туриб бошқа юртларда ишлаш учун кетаётган ёки иш йўқлигидан нолиётган ҳамюртларимизга шундай ҳудудларда ишлашни тавсия қиламан. Хорижда топиладиган ўша даромадни шу ерда ҳам топиш мумкин. Бунга ўзим шахсан гувоҳман. Қишлоқ аҳлининг сизга бўлган ҳурмати, эътибори, фарзандларига бераётган таълимингиз учун қилаётган дуолари ҳаётингизни буткул ўзгартириб юборар экан.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu