Сайт тест режимида ишламоқда

“Иккинчи устозлар миллий форуми”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди

8 август 2023 йил
image

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган “Иккинчи устозлар миллий форуми”нинг очилиш маросими бўлиб ўтди. 
Тадбирни кириш сўзи билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов очиб берди:

- Бугунги кунда ўқитувчиларнинг нуфузини оширишга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шунга мос тарзда таълим сифатини ошириш, чет тилларини пухта ўрганиш, молиявий саводхонликни ошириши ҳамда амалиётга боғлаган ҳолда дарс ўтиш замон талабига айланиб бормоқда. Умид қиламанки, бугунги форум янги ўқув йили олдидан олдимизда турган долзарб вазифаларни белгилаб олиш учун ўзига хос майдон вазифасини бажаради.

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова:

- Мактабни ўзгартирмасдан туриб жамиятни ўзгартириб бўлмайди. Таълим ва тарбиянинг асоси, пойдевори бу – боғча ва мактабдир. Уларни муқаддас даргоҳ қиладиган куч эса педагогларимиз ҳисобланади. Бугунги кунда, тизимда фаолият юритаётган 500 минг нафар ўқитувчи ва 150 минг нафар тарбиячиларимиз келажак тараққиёти пойдеворини яратади. Ушбу форум устозларимизга тажриба алмашиш ва янги билимларни эгаллашларига кўмак беришига ишонаман.

Шунингдек, тадбир доирасида фидойи устозлардан 24 нафари “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Кўкрак нишонлари Ўзбекистон Қаҳрамонлари Муҳаббат Шаропова, Анор Маҳмудова, Ўзбекистон халқ ўқитувчилари Бахтиёр Абдиев ва Раҳматилла Каримов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқутувчи Мирфозил Мирзааҳмедовлар  томонидан устозларга топширилди.  

Маълумот учун, мазкур форумда бутун Республикамиз бўйлаб  жами 322 нафар педагог ходим қатнашишмоқда.

Куннинг иккинчи қисмида эса иштирокчилар учун 14 та шўбада ўқув тренинглари ташкил этилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu