Сайт тест режимида ишламоқда

Ўқувчиларимиз Халқаро кимё олимпиадасида 2 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритишди

25 июль 2023 йил
image

Бугун Швейцария давлатида бўлиб ўтган нуфузли Халқаро кимё олимпиадасида ўқувчиларимиз ажойиб натижаларни - 2 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишди.

90 га яқин давлатдан 350 нафарга яқин ўқувчи иштирок этган олимпиадада Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Азизбек Назаров ҳамда Учтепа туманидаги 81-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Абдуллоҳ Маҳмудов олтин медал, Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 11-синф ўқувчиси Шаҳзода Ҳакимова кумуш медал ҳамда Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг 10-синф ўқувчиси Соҳибжон Дилмуродов бронза медалларини қўлга киритди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019-йил 3-майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олтин медал олган ўқувчи базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари (165 млн сўм), устози 450 баравари(148,5 млн сўм) миқдорида, кумуш медал учун ўқувчи 300 баравар (99 млн сўм), устози 250 баравар (82,5 млн сўм) ҳамда бронза медал учун ўқувчи базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари (66 млн сўм), устози 150 баравар (49,5 млн сўм) пул мукофотлари билан тақдирланади. Бу эса Давлатимиз томонидан илмли ёшларга берилаётган эътиборнинг юксак намунаси, деб биламан.

Бундан ташқари, Халқаро олимпиада ғолиблари ОТМларга имтиёз билан грант асосида ўқишга қабул қилиниб, кейинчалик таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритадиган бўлса лавозим маошига ҳар ой 150 фоизлик устама олади.

Фурсатдан фойдаланиб, ўқувчиларимиз, уларнинг устозлари ҳамда терма жамоамизнинг ҳар бир аъзосини илм йўлидаги яна бир улкан ғалаба билан муборакбод этаман.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu