Сайт тест режимида ишламоқда

Онкогемотологик бемор болажонлар таълим оладиган “Меҳрли мактаб” ташкил топганига бир йил тўлди

16 май 2023 йил
image

Болалар гематология, онкология ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган болаларга умумий ўрта таълим бериш учун ташкил этилган Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги “Меҳрли мактаб” ташкил топганига бир йил тўлди. 

Мазкур мактаб ташкил этилганида жами 54 нафар мактабгача ва мактаб ёшидаги болалар қамраб олинган бўлса, 1 йил давомида мактабда 1212 нафар бола таълим олди.

Жумладан, мактабгача таълим гуруҳларига 1,5 дан 7 ёшгача бўлган болалар қамраб олинган бўлиб, уларнинг муолажалардан бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари, мактаб ёшидаги болаларнинг сифатли таълим ва тарбия олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган.  

"Меҳрли мактаб" госпиталь таълим мактабида бошланғич ва юқори синфларда дарслар Давлат стандартлари асосида ташкил этилади. Мазкур мактабда дарслар шифокор билан маслаҳатлашилган ҳолда болаларнинг кайфияти, руҳияти, соғлиқлари ҳисобга олинган ҳолда 30 дақиқа олиб борилади. 

Даволаниш жараёни тугагач, ўқувчи доимий таҳсил оладиган мактабига топшириш учун ҳар бир фандан олинган баҳоси кўрсатилган маълумотнома тақдим этилади. Натижада ўқувчини баҳолашда узилиш юзага келмайди.

Ушбу мактабда ўқувчилар таълим олишдан ташқари арт-терапия, мусиқа, робототехника ҳамда шахмат каби замонавий тўгаракларга ҳам қатнашади.

Ҳозирда “Меҳрли мактаб”да жами 23 нафар педагог ходим фаолият юритмоқда. Шундан мактабгача таълим ва тарбия йўналишида 7 нафар, умумий ўрта таълим йўналишида 16 нафар (11 нафар фан ўқитувчилари, 2 нафар психолог ва арт-терапия ва робототехника педагоглари) педагог болаларга таълим-тарбия бермоқда. Мактаб педагоглари бемор болажонлар билан ишлаш, госпиталь мактабда таълимни ташкил этиш бўйича Россия Федерациясида ташкил этилган “УчимЗнаем” лойиҳаси доирасида онлайн ва офлайн тарзда малака ошириб келмоқда.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu