Сайт тест режимида ишламоқда

Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бакалавриатига қабул давом этмоқда

28 апрель 2023 йил
image

Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бакалавриатига қабул давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 ноябрдаги “Жиноятларни тергов қилиш соҳасида малакали кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Фармонига асосан Бош прокуратура Академияси негизида Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ташкил этилиб, жиноятларни тергов қилиш соҳасида кадрларни амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда ягона ёндашув асосида тайёрлашга қаратилган узлуксиз ўқув тизими йўлга қўйилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб бакалавриатнинг “Тергов фаолияти” ҳамда юриспруденциянинг бошқа бакалавриат таълим йўналишларида юридик кадрларни тайёрлаш жорий этилди.

Шунга кўра, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида 2023/2024 ўқув йили учун “Тергов фаолияти” бакалавриат таълим йўналишига қабул бошлангани маълум қилинади.

Академия бакалавриатида ўқитиш ўзбек ва рус тилларида, давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида ташкил этилади. Давлат грантлари асосида ўқишни тамомлаган Академия бакалавриатининг битирувчиларига ваколатли давлат органларида камида уч йил ишлаб бериш мажбурияти юкланади.

Академияга қабул қилишда абитуриентларнинг муайян тоифаларига республиканинг бошқа олий таълим муассасаларига кириш учун қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилмайди.

Академиянинг “Тергов фаолияти” йўналиши бўйича битирувчилари ваколатли давлат органларига хизматга қабул қилинганда фақат офицерлар таркибига кирувчи ёки даражали унвон берилиши кўзда тутилган лавозимларга тайинланади.

Номзодлар жорий йилнинг 15 май кунига қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг махсус электрон платформасида рўйхатдан ўтадилар.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бакалавриатига кириш имтиҳонлари билан боғлиқ янгиликлар билан Академиянинг расмий веб-сайти, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали ҳамда бошқа оммавий ахборот воситалари орқали танишиб боришингиз мумкин.

Шунингдек, бакалавриатга кириш билан боғлиқ маълумотларни 71 кодли 202-04-96 телефон рақами орқали ҳам билиб олишингиз мумкин.

Батафсил

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu