Сайт тест режимида ишламоқда

"ХУСУСИЙ МАКТАБ ВА БОҒЧА ОЧМОҚЧИМАН..."

25 апрель 2023 йил
image

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига бугунги кунда юртимизда хусусий мактаб ва боғчалар очиш тартиби ҳамда уларда ўқитиш нархлари ҳақида бир қатор саволлар келиб тушмоқда. Мазкур саволларга вазирликнинг Таълим ташкилотларини лицензиялаш бўлими бош мутахассиси Сардор Махсудов батафсил жавоб берди:

- Бугунги кунда Ўзбекистонда қанча хусусий боғча ва мактаблар фаолият олиб бормоқда?

- Ҳозирда Ўзбекистонда 2000 дан ортиқ нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва 330 дан ортиқ нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолияти лицензияланган.

- Хусусий боғчалар қай тартибда фаолият бошлайди?

- Нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларига лицензия Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 21.02.2022 йилдаги “Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 80-сон Қарори билан тасдиқланган Махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тўғрисидаги ягона Низомда белгиланган лицензия талаблари ва шартларининг бажарилишини ўрганиш орқали  берилади.

-Хусусий боғча ва мактаб очиш учун қанча муддат керак бўлади?

- Фаолиятни бошлашга тайёр ҳолдаги ташкилот лицензия учун электрон ариза юборганидан сўнг унинг аризаси ваколатли орган томонидан 15 кун давомида ўрганиб чиқилади.  Натижа ижобий бўлган ҳолатда, мазкур ташкилот фаолияти лицензияланади. Шу ўринда, бинони тайёрлаш, қурилиш таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишларига кетадиган вақт ҳар бир таълим ташкилотида турлича бўлишини ҳам инобатга олиш лозим.

-Хусусий мактаб ва боғчаларда ўқитиш нархи тахминан қанчани ташкил этади?

-Нодавлат таълим ташкилотларида ўқитиш нархи мазкур ташкилотлар томонидан мустақил белгиланади.

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунининг 31-моддаси талабларига мувофиқ, нодавлат таълим ташкилотлари ўқитиш таълим олувчи ёхуд унинг ота-онаcи ёки бошқа қонуний вакиллари ва нодавлат таълим ташкилоти ўртасида тузиладиган, ўқитиш муддатлари, шартлари ва тўловлари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда бошқа шартлар белгиланадиган шартнома асосида амалга оширилади.

Боғчаларнинг инфратузилмаси, шароитлари ҳамда жойлашган жойидан келиб чиққан ҳолда уларнинг нархлари ҳам турлича. Масалан, ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида камида 1.5 миллиондан 10 миллион сўмгача ва ундан юқори, худудларда эса бу сумма 500-600 мингдан бошлаб 2-2.5 миллион сўмгачани ташкил этади.

- Нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларнинг сони йилдан йилга ошиб боришига айнан нима асосий роль ўйнамоқда?

- Чиндан ҳам, бугунги кунда нодавлат мактабгача ҳамда умумий ўрта таълим ташкилотлари сони кўпайиб бораётганини алоҳида қайд этиш лозим. Бунда тадбиркорлик субъектларига берилаётган солиқдан имтиёзлар, турли хил бюрократик тўсиқларнинг олди олиниши, давлат хизматларини кўрсатишни оптимизацияланиши ҳамда лицензия талаблари ва шартларининг соддалаштириши каби ижобий ўзгаришлар сабаб бўлмоқда.

- Хусусий мактабгача таълим ташкилотида ҳам қабул учун навбатлар мавжудми?

- Нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари қабул жараёнини ўзининг мавжуд инфратузилмаси, бино қувватидан келиб чиққан ҳолда мустақил белгилайди.

- Қандай ҳолатларда нодавлат таълим ташкилотларига берилган лицензия бекор қилиниши мумкин?

-Нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларига берилган лицензияни бекор қилишга қуйидагилар асос бўлади:

а) лицензиат лицензиянинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисида мурожаат қилганда;

б) юридик шахс тугатилганда;

в) Шунингдек, хусусий боғча ва мактаб фаолиятини ўрганиш жараёнида лицензия талаб ва шартларининг бузилиши ҳолатлари аниқланганда Вазирлик ҳолатлар бўйича Иқтисодий судга лицензияни бекор қилиш ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш бўйича ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ахборот хизмати

 

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu