Сайт тест режимида ишламоқда

Баёнотлар

.

"Вазирга мурожаат" порталига келиб тушган саволларга жавоблар (2-баёнот)

18 март 2023 йил
image

1. Мен иккинчи тоифали математика фани ўқитувчисиман, “Шуҳрат” медали билан тақдирланганман. Эшитишимча, давлат мукофотига эга бўлган ўқитувчиларга малака тоифаси бир поғона оширилган ҳолда иш ҳақи тўланар экан. Мен ҳам шу имтиёздан фойдаланишим мумкинми? Бунинг учун нима қилишим керак?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги 572-сон қарори билан тасдиқланган “Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига кўра, қуйидаги педагог кадрларининг малака тоифаси (лавозими) бир поғонага оширилади:

Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирланган педагог кадрлар;

“Устоз” миллий мукофоти танлови ғолиблари;

Worldskills мусобақалари совриндорларини тайёрлаган таълим ташкилотларининг педагог кадрлари;

республика миқёсидаги фан олимпиадалари ва кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрлар.

2. Мен олис ҳудуддаги қизил тоифага кирувчи мактаблардан бирида бошқа тумандан келиб ишлайман. Қонунчиликда бу каби ўқитувчиларга қандай имтиёзлар назарда тутилган?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 январдаги ПҚ–4940-сонли қарори асосида олис ва чекка ҳудудларда жойлашган таълим муассасаларига ишга қабул қилинган бошқа ҳудудда яшовчи олий маълумотли мутахассисларга бир марталик бошланғич ёрдам пули ва 36 ой мобайнида уй-жойларни ижарага олганлик учун компенсация тўланади.

Шунингдек, таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларга 50 ёки 100 фоиз миқдорида махсус устамалар тўланиши белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019-йил 7-июндаги 471-сон қарорига асосан, умумий ўрта таълим муассасаларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган педагог ходимларга махсус устама белгиланадиган ҳудудлар рўйхати тасдиқланган.

Шунингдек, мазкур қарорга асосан, мазкур педагог ходимларнинг базавий тариф ставкаларига иш стажидан келиб чиққан ҳолда 10 фоиздан 50 фоизга қадар қўшимча махсус устамалар ҳам тўланади.

 

3. Ихтисослаштирилган мактабда дарс берадиган, халқаро GMAT имтиҳонидан муваффақиятли ўтиб сертификатга эга бўлган умумтаълим мактаб ўқитувчиларига 50 фоиз устама берилади.

Ихтисослашгантирилган мактаб ўқитувчиларига хам бу каби устамалар берилади?

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги ПФ-134-сон Фармонига асосан, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:

умумий ўрта таълим муассасаларидаги халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;

халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга — уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида устама тўланади.

Юқорида келтириб ўтилган қарорда мазкур устамалар фақатгина умумий ўрта таълим муассасаларида меҳнат қилаётган педагог кадрларга тўланиши қайд этилган.

Эслатиб ўтамиз, ҳар ойлик қўшимча устама сертификат амал қилиш муддати давомида, лекин уч йилдан кўп бўлмаган вақт мобайнида тўланади. Шунингдек, умумтаълим фанлари бўйича бир нечта сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама юқорироқ устама олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бўйича тўланади.

4. Мен олий таълим даргоҳларининг бирида сиртқи таълим асосида ўқийман. Шунингдек, мактабда дарс ҳам бераман.

Директоримиз менинг ҳам ўқиб, ҳам ишлаётганимни сабаб қилиб мукофот пули бермаяпти. Шу қонуний тўғрими?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарор билан тасдиқланган Низомга кўра, умумтаълим муассасаларида ташкил этиладиган тегишли Ишчи гуруҳ томонидан Директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

педагог, психолог ва кутубхона ходимларининг базавий таъриф ставкасига ҳар ойлик устама белгилаш, умумтаълим муассасалари ходимларини мукофотлаш ва уларга моддий ёрдам бериши белгиланган.

 

Умумтаълим муассасалари ходимларига мукофот пули мазкур Жамғарма маблағлари ҳисобидан “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизигача берилиши мумкин.

Мазкур Низом талабларида сиртқи таълим асосида фаолият олиб бораётган педагогларга мукофот пули белгиланмаслиги қайд этилмаган.

Ҳурматли кузатувчилар, сизларга етказмоқчи бўлган маълумотимиз шулардан иборат эди.  Таълимга доир қандай мурожаатингиз бўлса, ўзимизга йўлланг!

vazir.uzedu.uz мурожаатлар порталига келиб тушган ҳар бир мурожаат қонунчиликда белгиланган тартибга кўра кўриб чиқилади ва жавоб йўлланади.


 

 

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu