Сайт тест режимида ишламоқда

Баёнотлар

.

"Вазирга мурожаат" порталига келиб тушган саволларга жавоблар (1-баёнот)

11 март 2023 йил
image

1.  “Google for Education” сертификатига эга ўқитувчиларга ойлик устама бир вақтнинг ўзида, ҳам асосий иш жойидан, ҳам ўриндошлик асосида ишлаётган иш жойидан тўланишини мумкинми?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 11-майдаги “2022 – 2026-йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ – 134-сон Фармони 9-бандига кўра, халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг таъриф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида ҳар ойлик қўшимча устама сертификат амал қилиш муддати давомида, лекин уч йилдан кўп бўлмаган вақт мобайнида тўланиши белгиланган.

Шунга кўра, халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагог ходимларга ҳар ойлик қўшимча устама бир вақтнинг ўзида асосий иш жойи ҳамда меҳнатига соатбай иш ҳақи тўлаш асосида ишлаётган иш жойи учун ҳам татбиқ этилади.

2. “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танловида совринли ўринларни эгаллаган, “Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган ўқитувчиларнинг ойлик маошига ҳар ойлик устамалар белгиланадими?

Жавоб: Амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ, “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” танловида совринли ўринларни эгаллаган, “Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган ўқитувчиларга ҳар ойлик устамалар назарда тутилмаган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасини ташкил этиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига кўра, Директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан ўрнак кўрсатган ўқитувчиларга белгиланадиган устамаларни тайинлашда ушбу соврин ва кўкрак нишонлари ҳисобга олиниши мумкин.

3. Нега ихтисослаштирилган мактабларНИНГ БАРЧАСИДА бепул овқатЛАНИШ ва ётоқхона мавжуд эмас?

ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги ПФ-106-сон Фармонига мувофиқ фақат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларда ўқувчилар бепул овқат ва ётоқхона билан таъминланиши белгилаб берилган.
4. Навбатдаги мавзу вазирликнинг ижтимоий тармоклардаги сахифалари оркали бир неча маротаба жавоб берилганига карамай энг куп суралаётган саволлар рейтингидан тушмаяпти. Яъни, Вазир жамғармасидан белгиланган устама кимларга берилади? Унинг берилиш тартиби қандай?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарорига асосан малакали педагог кадрларга ва илғор ходимларга Вазир жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устама ҳамда бир марталик пул мукофотлари тўлаш белгиланган.

Вазир жамғармасидан устама олиш учун ўтказиладиган синов жараёнлари бир-бирига боғлиқ бўлмаган ҳолда кўп босқичли танлов асосида ташкил этилади.

Дастлабки номзодлар умумий ўрта таълим муассасаларининг битирувчи-ўқувчилари томонидан тегишли ўқув йили қабулида олий таълим муассасаларига, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонларида қайд этган натижаларига мувофиқ тақсимланади.

Кейинги босқичда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (собиқ Давлат тест маркази) томонидан “Бошланғич таълим”, “Аниқ ва табиий фанлар”, “Хорижий тиллар”, “Ижтимоий фанлар” ва “Амалий фанлар” йўналишлари бўйича барча ҳудудларда номзодларнинг дарс берадиган умумтаълим фани бўйича билим даражасини баҳолаш учун тест синовлари ўтказилади.

Мазкур синов давомида 80 балл ва ундан юқори балл олган номзодлар кейинги босқичга тавсия этилади. Якуний босқичда номзодлар суҳбатдан ўтказилади ва ушбу синовдан мувафаққиятди ўтган педагоглар 9 ой давомида Вазир жамғармасидан устама олишлари мумкин.

Маълумот учун айтиш лозимки, жорий йилнинг 13-18 март кунлари ушбу танловнинг якуний босқичи — суҳбатлар ўтказилиши белгиланган.

Ушбу суҳбатдан юқори натижас билан ўтган педагогларга жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб декабрь ойига қадар Вазир жамғармасидан устама тўлаб борилади.

2023 йилда Вазир жамғармасидан ойлик устама оладиган педагогларнинг сони 2000 нафар этиб белгиланган.

 

5. Мактаб ўқитувчиси бўлиб ишлаётган II гуруҳ ногиронларининг Миллий сертификат олишлари учун тестга қатнашиши ва унинг тўловини тўлашда бирор имтиёз белгиланганми?

Жавоб: Миллий сертификат имтиҳонларида қатнашиш учун талабгорлардан БҲМнинг 1,5 баравари (айни вақтда 450 минг сўм) миқдорида тўлов ундирилади. Рўйхатдан ўтиш my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари портали  орқали амалга оширилганда 10% чегирма берилади.

Шунингдек, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга эса 50% чегирма қўлланилади.

Имтиҳонда узрли сабабга кўра қатнашолмаган талабгорлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги (собиқ Давлат тест маркази)нинг электрон почтасига тест синовлари ўтказиладиган кундан камида уч кун олдин ёзма ва электрон шаклда;

gov.uz орқали эса малака имтиҳони ўтказилган санадан 3 кундан кечикмай мурожаат этиши лозим бўлади.

Бунда тўловлар қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилади ёки навбатдаги имтиҳонга йўналтирилади.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu