Сайт тест режимида ишламоқда

Маърузалар

.

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРИ ЎРИНБОСАРИ Д.КЕНЖАЕВНИНГ МАЪРУЗАСИ

31 декабрь 2020 йил
image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг (2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида(ги қарори асосида (Болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлашда мактабгача таълим муассасаларининг ўрни ва янгича ёндашуви( тўғрисида

 

Ассалому алайкум матбуот анжумани иштирокчилари,

Мустақиллик йилларида республикада миллий таълим ва тарбия тизими давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши даражасига кўтарилди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг бевосита раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг муваффақиятли жорий этилиши натижасида мамлакатда ноёб узлуксиз таълим тизими барпо этилди.

Ўзбекистонда амалиётга татбиқ этилган узлуксиз таълим тизимида мактабгача таълим боланинг соғлом, ҳар томонлама камол топиб шаклланадиган, унинг ўқишга интилишини ва билим олишга бўлган дастлабки қизиқишини уйғотадиган муҳим босқичга айлантирилди.  

Айтиш керакки, собиқ тузум пайтида мактабгача таълим муассасаси ота-она ишда бўлган пайтларида уларнинг болалари асосан (бехавотир сақлаб туриладиган жой( сифатида амал қилиб келган.

Бугун эса мактабгача таълим болани интеллектуал, жисмоний ва маънавий ривожлантиришга, уни шахс сифатида тарбиялашнинг дастлабки ва муҳим бўғинига айланди. Юртимизда мактабгача таълим бола олти-етти ёшга етгунича давлат ва нодавлат мактабгача тарбия муассасаларида амалга оширилади.

Бугунги кунда республика бўйича жами 4916 та мактабгача таълим муассасаларида 668 497 нафар болалар тарбияланмоқда. Шунингдек, юртимизда 194 та нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатиб, уларга 11 746 нафар тарбияланувчилар қамраб олинган.

Мутахассислар инсон ўз умри давомида оладиган барча билимларнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олишини таъкидлашади. Энди шу ўринда келажак авлодга таълим-тарбия беришда мактабгача таълим муассасаларининг ўрни ва аҳамиятини тасаввур қилинг.

Кейинги йилларда мактабгача таълим муассасаларининг фаолият самарадорлигини ошириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилган қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина 2015-2016 йиллар давомида 459 та мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланди ва замонавий талабларга мос равишда жиҳозланди.

Шу билан бирга, бугунги кунда мактабгача таълим муассасаларининг таълим дастурлари ва ўқув-тарбиявий режаларига қўйилган давлат талабларини такомиллаштириш долзарб масалалигича қолмоқда. Аксарият мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базаси замон талабларига жавоб бермайди. Болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш кўрсаткичи ҳамон пастлигича қолмоқда.

Шу муносабат билан муҳтарам Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги (2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида(ги қарори мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни замон талаблари даражасида қайта ташкил этиш ҳамда болаларнинг ҳар томонлама ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш имконини беради.

Ушбу Қарор 2017-2021 йилларга мўлжалланган кенг кўламли комплекс тадбирларни амалга оширишни кўзда тутади. Унда болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурларини татбиқ этиш, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитларни яратиш белгиланган. Жумладан, мактабгача таълим сифатини ошириш, болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш чора-тадбирларига алоҳида урғу берилади.

Оила ва боғчада болаларнинг таълим-тарбиясида қатор тафоввутлар мавжуд. Бу аввало боланинг мактабга тайёрлаш жараёнида кўринади.

Мактабгача таълим муассасига бормаган бола тўғридан-тўғри мактабга келганда дастлаб бошқа болаларга қўшила олмайди. Чунки улар кўпроқ оила муҳитида улғайганлиги сабабли нисбатан тортинчоқ бўлишади. Мактабгача таълим муассасаларида эса болаларни нафақат тенгдошлари балки катталар билан ҳам мулоқот қилиш кўникмалари ривожлантирлади.

Шу маънода, ушбу Дастур асосида мактабгача таълим сифати тубдан яхшиланади, ундаги таълим-тарбия жараёнларига замонавий илғор тажрибалар жорий этилади. Бола шахсини камол топтириш, унга фақатгина ҳарфни ўргатиш эмас, балки унда ижобий фазилатларни шакллантириш, унинг руҳиятида атроф-олам, жамият ва ота-онасига нисбатан ҳурмат ҳиссини, она Ватанни севишдек муқаддас туйғулар сингдирилади. 

Шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида 5-6 ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўича анъанавий мактабга тайёрлаш шакллари билан бир қаторда унинг муқобил шаклларини яратиш ва ривожлантириш ҳам кўзда тутилган. Жумладан, юртимиз бўйича мактабгача таълим муассасаларида 6100 та  қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилиши режалаштирилган. Мактабгача таълим муассасидаги қисқа муддатли гуруҳларни ташкил этиш болаларни мактаб таълимига тайёрлашнинг самарали шакли бўлиб қолади.

Қисқа муддатли гуруҳларнинг яна бир муҳим жиҳати, бу гуруҳлар бир томондан ёш оилаларга қулайлик туғдиради, яъни уларга молиявий енгиллик беради. Энг муҳими эса, болаларнинг мактабгача таълимга қамрови ошиб, бошланғич синфларда ўқувчилар орасидаги тавофутга барҳам берилади.

Яна муҳим жиҳатлардан бири мактабгача таълим муассасаларидаги болаларнинг интелектуал қобилиятини ривожлантириш бўйича зарур дидактик ўйин ва ўйинчоқлар билан таъминланиши, кичик кутубхоналарнинг ташкил этилишидир. Болажонларда бадиий адабиётга бўлган қизиқишини ёшлигиданоқ ўйғотиш ва энг асосийси, она-Ватанимизга нисбатан меҳр-оқибатли ва садоқатли фарзандлар бўлиб вояга етишларида муҳим рол уйнайди деб ҳисоблайман.

Мактабгача таълим муассасалари учун педагог кадрлар тайёрлаш ва улар малакасини ошириш бўйича Республика Президентининг қарори айни муддао бўлди. Замон шиддат билан тараққий этаяпти. Техника ва технологиялар йил сайин янгиланиб бораётир. Замонавий педагогик технологиялар ва услубларни инобатга олган ҳолда мактабгача таълим муассасаларига педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ўқув режа ва дастурларини такомиллаштиришга катта эътибор қаратилган.

Мактабгача таълим муассасалари учун педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув режа ва дастурларини замонавий педагогик технология ва методларни инобатга олган ҳолда такомиллаштирилади.

2200 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базаси мустаҳкамланади, жумладан қишлоқ аҳоли пунктларида янги мактабгача таълим муассасаларини қурилади, уларни замонавий талабларга жавоб берадиган инвентарь, ускуналар, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа ресурслари билан таъминланади.

Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун жами 2.2 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари,

Эътиборингизни бир муҳим жиҳатга қаратмоқчи эдим. Янги қурилаётган мактабгача таълим муассасаларида аввалгиларидан фарқли равишда янги лойиҳа асосида қурилиши режалаштирилган. Хусусан, болаларнинг янги шаклдаги ва қулай шароитга эга ёзги айвончаларини, сузиш бассейнларини қуриш инобатга олинган.

Қарор билан белгиланган комплекс тадбирларни муваффақиятли амалга ошириб, биз қуйидаги эзгу марраларга эришамиз:

юқори сифатли мактабгача таълим таъминланиб, болаларни сифатли мактабга тайёрлашни тубдан яхшиланади ва таълим-тарбия жараёнига муқобил дастурлар жорий этилади;

болаларни мактабга тайёрлашнинг муқобил шакли бўлган 6100 та қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилади;

3-6 ёшдаги мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган болаларни уларнинг ота-оналарини методик қўлланмалар билан таъминлаш орқали мактаб таълимига тайёрлаш тизими жорий этилади;

мактабгача таълим муассасалари тармоғи 50 та янги қурилиш ҳамда мавжуд муассасаларнинг 1167 тасини реконструкция қилиш ва 983 тасини мукаммал таъмирлаш орқали кенгайтирилади;

қишлоқ жойлардаги мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар бадал тўлови 30 фоизгача камайтирилади;

болаларнинг мактабгача таълимга қамровини 1,5 баробар оширишга эришилади.

Ҳурматли, оммавий ахборот воситалари ходимлари,

Юртимизда ўғил-қизларнинг ҳеч кимдан кам бўлмай, баркамол вояга етиши, ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этган ҳолда жамиятда муносиб ўрин топиб, давлатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиши йўлида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар бугун ўз самарасини бермоқда.

Таълим-тарбия соҳасида ўтказилаётган чуқур ўйланган ислоҳотлар, аввало, онг ва тафаккурдаги ижобий ўзгаришларга йўл очиб, пировардида халқ маънавияти такомилида ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти бошлаб берган эзгу амаллар бугун давом эттирилиб, малакали кадрлар тайёрлаш тизими ўзининг стратегик мақсадларга эга экани билан мамлакатимизнинг буюк келажагини қуришда муҳим роль ўйнамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг (2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида(ги қарорининг қабул қилиниши мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг қалбида илм, тарбия, спорт билан шуғулланишга бўлган илк тасаввурларини шакллантирадиган, уларнинг маънавий етук, жисмонан баркамол бўлиб улғайишларига мустаҳкам пойдевор яратадиган, шахс камолотида дебоча вазифасини бажарадиган муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu