Сайт тест режимида ишламоқда

Маърузалар

.

ХАЛҚ ТАЪЛИМИ ВАЗИРИНИНГ АХБОРОТ СИЁСАТИ МАСАЛАЛАРИ БЎЙИЧА МАСЛАҲАТЧИСИ Л.РУСТАМОВАНИНГ 2021 ЙИЛ 22 АПРЕЛДА ЎТКАЗИЛГАН БРИФИНГ МАЪРУЗАСИ

22 апрель 2021 йил
image

Ассалому алайкум Ҳурматли юртдошлар! 

Бугун эътиборингизга сўнгги вақтларда Ҳалқ таълими соҳасига доир келиб тушаётган саволларга жавоб бериб ўтишга ҳаракат қиламиз.

Сўнгги кунларда юртимизда эпидемиологик вазият ёмонлашгани боис айрим мактабларда таълим анъанавий шаклдан онлайн шаклга ўтмоқда. Мавзу юзасидан фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Хўш, қандай ҳолатда мактаблар онлайн таълим шаклига ўтказилмоқда ва онлайн таълим қанча давом этади?

Жавоб: Жорий йилнинг 18 апрелидан Республика махсус комиссияси қарорига асосан юртимизда карантин қоидаларига қатъий амал қилинишини назорат қилиш тадбирлари янада кучайтирилди.

Мактабларда ўқитувчи ва ўқувчилари орасида коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари аниқланган тақдирда, Санитария-эпидемиологик хизмат марказлари туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ва туман (шаҳар) ҳокимлигига таклиф киритиб, Ҳалқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ёки ҳудудий комиссия қарорлари билан айрим мактабларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилиб, 2 ҳафтага карантинга олинмоқда. Ушбу вақт мобайнида мазкур мактаблар онлайн тартибида фаолият юритади.

Маълумот учун: Бугунги кун (22 апрель ҳолатига кўра, Республика бўйича жами 10008 та мактабдан 163 таси, яъни 1,6% мактаблар масофавий таълим шакилига ўтказилган, яъни карантинга олинган. Бу ракамлар Санитария-эпидемиологик хизмат марказларининг талабномаларидан келиб чикиб, ўзгариб боради. 

Шу ўринда масофавий таълим шаклига ўтказилган ўқувчиларга Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда “Онлайн мактаб” лойиҳаси йўлга қўйилганини эслатиб ўтамиз. Бунда 1-4-синфлар “National Geographic” телеканалида, 5-8-синфлар “Eurosport”, “ТВЦ” ҳамда 9-11-синфлар “Охота и рыбалка” ҳамда “Fashion TV” телеканаллари орқали уйдан туриб таълим олишлари мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз. 

2020-2021 ўқув йили учун “Онлайн мактаб” рукнида жами 17298 та телевизион дарслар ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида тасвирга олинган ва улардан 15362 таси эфирга узатилган.

Мазкур жараёнга 218 нафар тажрибали фан ўқитувчилари, 12 нафар сурдо-таржимон, 33 нафар муҳаррирлар жалб қилинган.

“Онлайн мактаб” рукнидаги телевизион дарслар жорий йилнинг 

25 майига қадар мазкур телеканалларда эфирга бериб борилади. Шунингдек, uzeduonlinemaktab телеграм канали орқали ўқувчилар дарсларни қайта кўриб чиқиш имкониятлари ҳам мавжуд. 

САВОЛ: Бугунги кунда ота-оналарни қизиқтираётган яна бир муҳим саволлардан бири бу болаларнинг 6 ёшдан мактабга қабули билан боғлиқ. 

Бунга жавобан ХТВ қуйидагиларни маълум қилади: 

2020 йилнинг 23 сентябрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуннинг 9-моддасида: “Умумий ўрта таълим ташкилотларининг биринчи синфига болалар улар етти ёшга тўладиган йилда қабул қилинади” деб белгилаб қўйилган.

Масалан, келгуси  2021/2022 ўқув йилида 1-синфга чиқадиган болалар 2021 йилнинг 31 декабрига қадар етти ёшга тўладиган бўлиши, яъни 2014 йилнинг 31 декабрь кунига қадар туғилган бўлишлари лозим.

Шу ўринда, ота-оналарга фарзандларини мактабга сифатли тайёрлаш мақсадида мактабгача таълим ва тарбия тизимида 6 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни бошланғич таълимга бир йиллик мажбурий тайёрлаш тизими жорий этилганини эслатиб ўтмоқчимиз.

Шу кунларда Республика бўйлаб педагог кадрларнинг аттестация жараёнлари бўлиб ўтмоқда ва шу боис мазкур жараён тўғрисидаги саволларга  ҳам ойдинлик киритиб кетмоқчимиз. 

Айтиш жоизки, жорий йилда ўқитувчиларга ўз тоифаларини навбатдан ташқари ошириш учун кенг имкониятлар яратилди, яхши натижа кўрсатган ўқитувчилар олий ва биринчи тоифага эга бўлиб, ўз ойликларини оширилишига эришаётганликларини алоҳида қайд этиб ўтмоқчимиз. Мактабларда дарс соатлари тақсимотида Олий ва биринчи тоифа ўқитувчиларга энг кўп соатлар берилиши ҳам уларнинг ойлик маошларига ижобий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари таълим сифати паст бўлган мактабларга ҳам фақат олий ва биринчи тоифадаги ўқитувчилар борса 100 фоизгача устама олиниши белгиланган. Яқинда Касаба уюшмалари билан биргаликда эълон қилинган 6та фан йўналишидаги 30 миллион сўм мукофотга ҳам айнан олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар эга бўлиши ҳам аттестация жараёнининг ўқитувчилар учун аҳамиятини кўрсатади. Шунинг учун, барча ўқитувчилар ўз билим ва кўникмаларини оширишга ҳамда тоифаларини кўтаришга ҳаракат қилишлари, мактаблардаги таълим сифати уларнинг сифат таркиби билан бевосита боғлиқ жараён эканлигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз.

Хўш ўқитувчиларнинг мазкур жараёнда билимлари қандай баҳоланади? Бу ерда иккита муҳим жиҳат мавжуд. Биринчиси, ҳозирги кунда ўтказилаётган малака тоифа олиш учун аттестация тест синовларидан баҳо олиш — бу аттестациядан ўтди дегани эмас. 

Аттестация жараёнида баҳолаш мезонлари қуйидагилар : 

1) биринчи босқичда — аттестациядан ўаётганларнинг ўқув фани бўйича малака синови натижалари, дарс ўтиш маҳорати ва меҳнати самарадорлиги эксперт гуруҳи томонидан ўрганилади ҳамда тегишли тавсиялар тайёрланади; 

2) иккинчи босқичда — аттестация комиссиялари эксперт гуруҳи томонидан ўрганилган биринчи босқич натижалари таҳлил қилинади, аттестация жараёнида тўпланган ҳужжатлар жамланмасини (портфолиосини) ўрганади ва педагог кадрни малака тоифасида (лавозимида) қолдириш ёки бошқа тоифа (лавозим) бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Иккинчи жиҳат, Олий малака тоифали лавозимидаги педагог кадр баҳолаш мезонларининг ҳар биридан:

- 75 фоиз ва ундан юқори кўрсатгичга эга бўлса - «Аттестациядан ўтди, олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими) сақлансин»;

агар 75 фоиздан паст кўрсатгичга эга бўлса - «Аттестациядан ўтмади, биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими)га туширилсин» деган қарор қабул қилинади;

Биринчи малака тоифали лавозимидаги педагог кадрларни баҳолаш мезонларининг ҳар биридан:

- 75 фоиз ва ундан юқори кўрсатгичга эга бўлса - «Аттестациядан ўтди, олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими) берилсин»;

- 74 фоиздан 65 фоизгача кўрсатгичга эга бўлса - «Аттестациядан ўтди, биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими) сақлансин»;

- 65 фоиздан кам кўрсатгичга эга бўлса - «Аттестациядан ўтмади, иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими)га туширилсин» деган қарор қабул қилинади.

Иккинчи малака тоифали лавозимидаги педагог кадр баҳолаш мезонларининг ҳар биридан:

- 65 фоиз ва ундан юқори кўрсатгичга эга бўлса - «Аттестациядан ўтди, биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими) берилсин»;

- 64 фоиздан 60 фоизгача кўрсатгичга эга бўлса - «Аттестациядан ўтди, иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими) сақлансин»;

- 60 фоиздан кам кўрсатгичга эга бўлса - «Аттестациядан ўтмади, мутахассис (олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли ўқитувчи) лавозимига туширилсин»;

Мутахассис ўқитувчи лавозимидаги педагог кадр баҳолаш мезонларининг ҳар биридан:

- 60 фоиз ва ундан юқорикўрсатгичга эга бўлса - «Аттестациядан ўтди, иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими) берилсин»;

- 59 фоиздан 55 фоизгача кўрсатгичга эга бўлса - «Аттестациядан ўтди, мутахассис (олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли ўқитувчи) лавозими сақлансин»;

- 55 фоиздан кам кўрсатгичга эга бўлса - “Аттестациядан ўтмади, мутахассис (олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли ўқитувчи) лавозимига мувофиқ эмас деб топилади.

САВОЛ: Аттестация мавзусидаги навбатдаги савол. Мен навбатдан ташқари аттестацияга топширдим. Шунда агар мен аттестациядан ўтмасам, тоифам тушириладими?

Йўқ туширилмайди. Навбатдан ташқари аттестацияга топшириб ўта олмаган ўқитувчининг малака тоифаси туширилмайди, мавжуд тоифаси сақланиб қолинади.

КЕЙИНГИ САВОЛ: Мен мутахассис ўқитувчи сифатида аттестацияга жалб қилиниб, 55 фоиздан кам балл тўпладим. Кейинги аттестацияга қачон ва қайси шартларга кўра жалб қилинаман?

Аттестация комиссиялари мутахассис, олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли ўқитувчи лавозимидаги педагог кадрлар бўйича «Аттестациядан ўтмади, мутахассис (олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли ўқитувчи) лавозимига мувофиқ эмас» қарорини қабул қилса, улар навбатдан ташқари малака ошириш курсларига юборилади ҳамда кейинги йилда қайта аттестацияга жалб этилади.

САВОЛ: Агар мен мутахассис ўқитувчи сифатида биринчи марта аттестацияга жалб қилиниб, 55 фоиздан кам балл тўплаб, аттестациядан бу сафар ҳам келгуси йил ҳам ўта олмасам унда нима бўлади?

Аттестация комиссиялари қайта аттестацияга жалб этилган педагог кадрлар бўйича «Аттестациядан ўтмади, мутахассис (олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли ўқитувчи) лавозимига мувофиқ эмас» деб топилса, иш берувчи томонидан улар билан тузилган меҳнат шартномаси меҳнат ҳақидаги қонунларда белгиланган тартибда бекор қилинади.

САВОЛ: Жисмоний тарбия ўқитувчилари аттестациядан қандай ўтади?

Амалдаги қонунчиликка биноан халқ таълими тизимида жисмоний тарбия ўқитувчиларининг аттестацияси Халқ таълими вазирлиги томонидан Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси билан ҳамкорликда ўтказилади. Жисмоний тарбия ўқитувчилари тест топширмайди. Улар амалий ва назарий ( билет саволлари) синовлар  орқали аттестациядан ўтади. Шунингдек, қуйидаги жисмоний тарбия ўқитувчилари учун имтиёзлар мавжуд:

туман (шаҳар) миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими);

- вилоят миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими); 

- халқаро ҳамда республика миқёсидаги спорт мусобақаларининг 1, 2 ва 3-ўрин совриндорларини тайёрлаганларга – олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими) берилади.

Бизда бугунча шулар эди. Сизларга саломатлик тилаган ҳолда кейинги брифинггача ҳайрлашамиз. Саломат бўлинг!

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu