Сайт тест режимида ишламоқда

“Ўзбекистон – соғлом ва билимли жамият” мавзусидаги халқаро конференция давом этмоқда

5 июль 2023 йил
image

Пойтахтимиздаги Ўзбекистон Кинематография агентлиги Эвент Ҳалл тадбирлар залида “Ўзбекистон – соғлом ва билимли жамият” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.

Тадбирдан асосий мақсад, Янги Ўзбекистонда инсон капитали, унинг шаклланиши ва ривожланишида таълим-тарбия ҳамда илм-фаннинг ўрни ва ролини муҳокама қилиш, таълим тизимини ислоҳ қилишнинг замонавий тенденциялари, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда уларни амалиётга тадбиқ этиш ва бунинг самараси борасида фикр алмашиш, кенг жамоатчиликни Янги Ўзбекистонда таълим, илм-фан соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан таништиришдан иборатдир.

Конференция аввалида сўзга чиққан Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова тадбир иштирокчиларини бугунги тадбир билан қутлади ва мавзуга доир ўз фикрларини билдириб ўтди:

“Бугунги Ўзбекистон давлати жойлашган замин қадимда икки буюк уйғониш даврига бешик бўлган. Бу қутлуғ масканда Фарғоний, Хоразмий, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Бухорий, Термизий, Улуғбек, Жомий, Навоий каби буюк даҳолар етишиб чиққан.

Ушбу улуғ аждодларимизга муносиб ворис бўлиш учун сўнгги йилларда Ўзбекистонда таълим соҳасига катта эътибор берилмоқда. Аҳолисининг 50 фоиздан ортиғи 29 ёшгача бўлган ёшлардан иборат бўлган Ўзбекистон учун таълим катта стратегик масала эканлигини айтсам муболаға қилмаган бўламан.

2030 йилга қадар таълим тизимида қандай ишлар амалга оширилиши хусусида “Таълим — 2030” концепциясида аниқ белгилаб олинган. Ушбу концепция доирасида ҳозирга қадар соҳада кўплаб натижалар қайд этилди”.

Мактабгача таълим тизимини кенгайтириш мамлакатда муҳим масала сифатида белгиланиб, охирги 5 йил ичида болаларнинг қамрови 27 фоиздан 72 фоизга етди. 2030 йилга барча болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олиш режалаштирилган.

Охирги 5 йил давомида 261 та янги мактаб қурилиши, 2,5 мингта мактабни кенгайтириш ҳисобидан, қўшимча 700 мингта ўқувчи ўрни яратилди.

Педагогларнинг жамиятдаги обрўси ва қадр-қимматини ҳимоялаш борасида фаолиятига аралашганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун алоҳида маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди.

Мамлакатимиз илк бор таълим сифатини баҳолаш халқаро тадқиқотлари (ПИСА, ПИРЛС, ТИММС)да иштирок эта бошлади. Глобал инновацион индекснинг Инсон капитали йўналишида 2022 йил ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 7 поғона юқорилаб, 65-ўринни қайд этди (жами 131 та мамлакат ичида).

Ўйлайманки, бугун сизлар билан эришилган натижаларимиз ва ютуқларимиз бўйича фикр алмашамиз, сизларнинг қимматли таклиф ва тавсияларингизни кутиб қоламиз.”

info@uzedu.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu