Бундан қарийб 20 йил олдин, яъни 1998 йил 13 майда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисида” ҳамда “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорларига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бугунги тараққиёт ва эртанги кунимизга бўлган талабчанлик олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда. Айниқса, ёш авлодга сифатли таълим-тарбия бериш масаласи ниҳоятда долзарбдир. “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилган. Яқинда Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор тизимда муҳим ўзгариш ва янгиланишларга асос бўлади. Ушбу қарор асосида умумтаълим мактаблари фаолиятига татбиқ этиладиган янгиликлар, бунинг ўқув самарадорлигини таъминлашдаги ўрни хусусида Халқ таълими вазирлиги Умумий ўрта таълим муассасалари бошқармаси бошлиғи Саидаҳрор Сейткамоловни суҳбатга чорладик.


— Мазкур қарор умумий ўрта таълим тизимида амалда мавжуд бўлган, лекин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан асосланмаган айрим ижтимоий муносабатларнинг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиниши, мактаб ёшидаги болаларни умумтаълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш, ўқувчиларни белгиланган меъёрларга амал қилган ҳолда синфларга жойлаштириш, ўқувчиларнинг сифатли умумий ўрта таълим олишини таъминлаш ва бошқа кўплаб масалалар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга. Қарор асосида тасдиқланган низомда умумтаълим муассасалари филиаллари, кам комплектли синфлар, куни узайтирилган гуруҳлар, логопедия шохобчаларини ташкил этиш ва фаолиятини белгилаш, ўқувчиларни синф¬дан синфга, мактабдан мактабга ўтказиш, ҳужжат юритиш, мактабларни ташкил этиш, тугатиш ва қайта ташкил этиш ҳамда пулли хизматлар кўрсатиш тартиблари аниқ белгиланди. Яъни, у умумий ўрта таълимга қўйилаётган замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

— Мазкур низом умумтаълим муассасалари фаолиятида қандай муҳим ташкилий ўзгаришларни назарда тутади?

— Янги таҳрирдаги низомга 20 га яқин янги меъёр киритилди, амалдаги кўплаб меъёрлар мазмунан тўлдирилди. Ҳужжатда қайд этилганидек, бу низом “Ўзбе¬кис¬¬тон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш ва умумий ўрта таълим муассасаларининг фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди. Мазкур низом талаблари барча умумтаълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади”. Боиси, бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги тизимидан таш¬қари бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфида ҳам умумтаълим ва нодавлат таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Низом бу муассасалардаги ўқув-тарбия жараёнини ҳам тартибга солади.

Болани ўқишга қабул қилишда, синфдан синфга ёки мактабдан мактабга ўтказишда ўқувчининг таълим тилини эркин танлаш ҳуқуқини таъминлаш юзасидан янги банд киритилди. Бунга кўра, умумтаълим муассасасида таълим олиш тилини танлаш Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонунига мувофиқ амалга оширилади.

Таълим-тарбияга қўйилаётган замонавий талабларга мувофиқ умумий ўрта таълимнинг мақсад ва вазифалари қуйидаги янги йўналишлар билан бойитилди: таълим-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий ва инновацион педагогик услубларини ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш орқали таълим сифатини ошириш; ўқувчиларнинг индивидуал ижобий хусусиятларини аниқлаш, қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, уларнинг юксак даражада таълим-тарбия олишлари, ижодий имкониятларини шакллантириш ва ривожлантириш учун шарт-шароит яратиб бериш; меҳнат қилиш ва мустақил ижодий фикрлаш кўникмаларини шакл-лантириш, ўқувчиларни касбга йўналтириш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини онгли равишда танлаш ва касбий таълим дастурларини ўзлаштиришда кўмаклашиш ва ҳоказо.

Аввалги низомда умумий ўрта таълим бошланғич таълим (I–IV синфлар) ҳамда умумий ўрта таълим (I–IХ синфлар) босқичларидан иборатлиги қисқа қайд этилган бўлиб, бу борада қатор чалкашликлар келиб чиқаётган эди. Янги таҳрирдаги низом бу ва умумтаълим муассасаларининг турларини белгилашдаги чигалликларга чек қўяди. Яъни, “Умумий ўрта таълим бошланғич таълим (I–IV синфлар) ҳамда умумий ўрта таълим (I–IX синфлар) босқичларидан иборат бўлиб, кундузги таълим шаклида амалга оширилади”. Умумтаълим муассасалари бошланғич мактаб (ўқитиш муддати 4 йил: I–IV синфлар); умумий ўрта таълим мактаби (ўқитиш муддати 9 йил: I–IX синфлар); айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб (ўқитиш муддати 9 йил: I–IX синфлар); айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддати 5 йил: V–IX синфлар); футбол бўйича ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддат 5 йил: V–IX синфлар); жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб (мактаб-интернат) (ўқитиш муддати 9 (10) йил: I–IX (X) синфлар); санаторий туридаги ихтисослаштирилган мактаб-интернат (ўқитиш муддати 9 йил: I–IX синфлар); алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб (ўқитиш муддати заруриятга кўра) турларидан иборат.

Олис (тоғли ва чўл ҳудуди) аҳоли пунктларида яшовчи мактаб ёшидаги болаларнинг сифатли умумий ўрта таълим олишини таъминлаш мақсадида тегишли туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори асосида умумтаълим муассасаларининг филиаллари ташкил этилади. Бундай филиалларда ўқувчилар сони 100 нафаргача бўлади. Бошқа умумтаълим муассасаларига яқинлиги ҳамда моддий-техник базасининг ҳолатидан келиб чиқиб, туман(шаҳар) ХТМФМТТЭБ ҳамда туман(шаҳар) ҳокимликлари молия бўлимларининг таклифига биноан, тегишли туман(шаҳар) ҳокимликларининг қарорлари асосида ўқувчилар сони 180 нафаргача бўлган умумтаълим муассасалари ҳам филиалларга айлантирилиши мумкин.

— Кейинги пайтларда баъзи синфларда ўқувчилар сони ҳаддан ортиқ кўплиги дарс сифатига салбий таъсир кўрсатиб, педагогларга иш фаолиятида қатор мураккабликларни келтириб чиқараётган эди. Янги меъёрий қоидаларга мувофиқ шу ҳамда таълим-тарбия мазмунига оид бошқа талабларнинг белгилангани ҳақида ҳам тўхталсангиз.

— Тўғри айтасиз. Олдин синфда ўқувчиларнинг чекланган сони ҳақида аниқ меъёр йўқ эди. Янги Низомнинг 28-бандида белгиланган меъёрлар бўйича тегишли майдонга эга бўлган умумтаълим муассасасининг синфлари тўлиқлиги 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмаслиги кўрсатилган. Намунавий лойиҳалар бўйича қурилмаган, мослаштирилган биноларда жойлашган, ўқувчилар сони етарли бўлмаган умумтаълим муассасаларида, олис (тоғли ва чўл ҳудуди) аҳоли пунктларида жойлашган, таълим ўзбек тилида олиб борилмайдиган умумтаълим муассасаларида ўқувчилар сони синфларни тўлдиришнинг ўзига хос шарт-шароитларидан келиб чиқиб, ҳудудий халқ таълими бошқаруви органлари ва туман(шаҳар) ҳокимликларининг молия бўлимлари билан келишилган ҳолда белгиланади.

Бугунги кунда халқ таълими тизимидаги умумтаълим муассасаларида 1 400 дан ортиқ кам комплектли синфлар мавжуд бўлиб, уларда 18 000 га яқин ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўқувчилар сони оз бўлган бир нечта синфларнинг бирлаштирилиши натижасида умумтаълим муассасаси ўқув режасидаги ўқув соатлари камайиб, давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш имконияти вужудга келади. Бир нечта бошланғич синфларни бирлаштириш умумтаълим муассасасининг биноларидан оқилона фойдаланишга шароит яратади. Уч ёки тўрт нафар бошланғич синф ўқувчисининг алоҳида ўқитилиши ўз-ўзидан уларга нисбатан талабнинг кучайишига олиб келади.

Ўқувчининг жуда кўп миқдордаги ахборотни қабул қилиши руҳий зўриқишига, натижада ўқув фанларидан безиб қолиши ва мактабга нисбатан меҳри сусайишига сабаб бўлади. Шу боис, синф¬ларни бирлаштириш бўйича ҳам зарур талаблар келтирилди. Кам комплектли умумтаълим муассасаларида (филиалларда) бошлан¬ғич синф ўқувчилари қуйидаги ҳолларда битта синфга бирлаштирилиши мумкин:

— ўқувчилар сони 8 нафаргача бўлган I–IV синфлар;

— ўқувчилар сони 12 нафаргача бўлган учта бошлан¬ғич синф;

— ўқувчилар сони 24 нафаргача бўлган иккита бошланғич синф (I ва III, II ва IV синфлар).

Ўқув дастурларининг хусусиятлари ва умумтаълим муассасасининг жойлашган ҳудудини инобатга олган ҳолда синфдаги ўқувчиларни икки гуруҳга бўлиб ўқитиш яхши натижа беради. Шу боис, синф ўқувчиларини бўлиб ўқитиш бўйича ҳам нормалар белгиланди. Жумладан, малакали ўқитувчилар етарли бўлган ҳолларда ўқувчилар сони 25 нафар ва ундан зиёд бўлган I–IX синф¬ларда чет тили, айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим муассасаларида чуқурлаштириб ўқитиладиган фанлар, V–IX синфларда информатика ва меҳнат таълими, VIII–IX синфларда жисмоний тарбия фани, таълим бошқа тилда олиб бориладиган муассасаларнинг II–IX синфларида ўзбек тили ҳамда таълим тили рус тили бўлмаган муассасаларнинг II–IX синфларида рус тили фани дарсларини икки гуруҳга бўлиб ўтишга рухсат этилади.

Ўқувчиларнинг чуқур билим эгаллашга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида куни узайтирилган гуруҳлар ташкил этилиши назарда тутилган. Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, мазкур гуруҳлардаги таълим жараёни умумий ўрта таълимдан ташқари вақтда ташкил этилиб, ота-оналарнинг бадал тўловлари эвазига амалга оширилади. Фаолият кўрсатиш тартиби Халқ таълими вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

Бундан ташқари, низомда умумтаълим муассасаларида ўқув йили ва таътиллари муддатлари, V–IX синф ўқувчилари ўртасида босқичли назоратлар ўтказиш тартиблари, мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш тартиби, умуман, умумий ўрта таълим фаолиятини самарали ташкил этиш билан боғлиқ барча жиҳатлар такомиллаштирилди.

“Ma’rifat” мухбири
Илҳом ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

 

28.04.2017 12:00:00