Ўзбекистонда илк кураш мактаб-интернати  очилади

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Халқ таълими вазирлиги томонидан Сурхондарё вилоятида мактаб ўқувчилари учун спортнинг миллий кураш турига ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилмоқда.  

 

2015-2016 ўқув йилидан бошлаб Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги 20-сонли умумтаълим мактаби негизида ташкил этилаётган мазкур мактаб-интернатининг мақсади иқтидорли ёшларни миллий кураш билан мунтазам шуғулланишига фаол жалб этиш, уларнинг спорт маҳоратини ошириш ҳамда шу асосда мамлакатимиз терма жамоалари учун ишончли заҳирани шакллантиришга қаратилган.

 

Мактабдан ташқари таълим муассасаси ҳисобланган ушбу даргоҳнинг умумий контингенти 100 нафар 5-9-синф ўқувчиларидан ташкил этилиб, спорт мактабларида дастлабки тайёргарликдан ўтган, миллий кураш билан шуғулланишда зарур спорт кўникмасига эга бўлган, умумтаълим мактабининг 4-синфини тугатган (10-11 ёш) ва танлов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган ўқувчилар қабул қилинади.

 

Мактаб-интернатига ҳар йили танлов асосида 20 нафар қобилиятли ўқувчилар 5-синфга қабул қилиниб, малакали мураббийлардан миллий кураш сирларини ўрганадилар.  Мазкур мактаб-интернат ўқувчилари умумтаълим фанларини муассасага яқин атрофда жойлашган мактабларда таълим олишади.

 

Ҳозирда, ҳамкор ташкилот ва идоралар билан мазкур мактаб-интернатнинг устави, ўқув-машғулотлар режаси, ўқувчиларни танлаб олиш тартиби бўйича низом ишлаб чиқилмоқда. 

 

Маълумот учун, 2012 йилдан бошлаб Тошкент шаҳрида Вазирлар Маҳкамасининг 323-сонли қарори асосида ташкил этилган спорт курашлари бўйича ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаби фаолият кўрсатиб келмоқда. 

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

11.03.2015 00:00:00