Маълумки, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш масалалари умуммиллий қадриятларимизнинг асосини ташкил етади. Зеро, халқимиз мустаҳкам оила барпо этиш, ўғил-қизларини ҳар томонлама етук қилиб камол топтириш, уларнинг бахтидан қувонишдек эзгу фазилатларга таянади.
Истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунлар ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларга жаҳон андозалари даражасида билим бериш, ўз қизиқиши ва интилишига мос тарзда касб-ҳунар егаллашга яқиндан кўмаклашишда муҳим аҳамият касб етмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга еканлиги ва бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланганлиги кўрсатиб ўтилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 29 августдаги “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 4-моддасида жинси, тили, ёши, ирқий, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқеи, турар жойи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча вақт яшаётганлигидан қатъий назар, ҳар кимга билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланган.
Мамлакатимизда “Таълим тўғрисида”ги, “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисида”ги 1998 йил 13 майдаги 203-сон қарори бажарилишини таъминлаш, таълим мазмунига ислоҳотларнинг бош мақсадидан келиб чиққан ҳолда зарур тузатишлар киритиш, унинг сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 16 августдаги қарорига асосан “Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартлари тўғрисида”ги қарори тасдиқланган. Бугунги кунда халқ таълими тизимида 15 минг 729 таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Умумий ўрта таълим мактабларида 4,458 миллион нафардан ортиқ ўқувчига 390 минг нафардан ортиқ устоз ва мураббий, мактабгача таълим муассасаларида 581 минг нафардан ортиқ тарбияланувчиларга қарийб 52 минг нафар педагог таълим-тарбия бермоқда.
Айни кунда мактабларнинг 9-синфларини 501 минг 234 нафар ўғил-қиз тамомлади. Уларни таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олиш мақсадида 1-9-синф ўқувчиларига оид тўлиқ маълумотлар базаси шакллантирилди. Тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда болаларнинг келгусида қайси коллеж ёки лицейда таҳсилни давом эттиришини мукаммал ўрганиш мақсадида махсус сўровномалар ўтказилди. «Касблар фестивали», ўрта махсус, касб-ҳунар таълими даргоҳларида «Очиқ ешиклар куни» тадбирларининг ташкил этилиши болаларнинг тўғри касб танлашига кўмаклашди.
Битирувчилар ўртасида ўтказилган сўровномалар натижасига кўра уларнинг 44 минг 393 нафари академик лицейларда, 456 минг 841 нафари касб-ҳунар коллежларида ўқиш истагини билдирган.
Лекин, айрим ота-оналар турли сабабларга кўра фарзандларининг таълим олишига лоқайдлик билан қарамоқда. Бунинг оқибатида ёшлар ўртасида турли хил ҳуқуқбузарликлар кўпайиб бормоқда. Мамлакатимизнинг келажаги ҳозирги ёшларнинг қўлида эканлигини инобатга оладиган бўлсак, ёшларнинг таълим-тарбияси ота-оналарнинг зиммаларига катта мажбуриятлар юклайди.
Ушбу мажбуриятларини бажармаётган ота-оналар учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддасида жавобгарлик белгиланган. Ушбу моддага кўра ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан, вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир етишига олиб келиши энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.
Шу билан бирга, болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилиш эса энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
 Жорий йилнинг 5 август ҳолатига 501234 нафар битирувчилардан 499 464 (99,6%) нафарининг ҳужжатлари ўрнатилган тартибда (академик лицейларга 34 414 нафар, касб-ҳунар коллежларига 464 945 нафар ва дин ишлари бўйича қўмитага қарашли таълим муассасаларига 105 нафар) ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг ўқувчилар сафига қабул қилинди.
Халқ таълими вазирлиги
Болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва
реабилитация қилиш шўбаси етакчи назоратчиси
 Азизбек Муталиев
23.08.2014 00:00:00