Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан 2014-2015 ўқув йилида таълим-тарбия сифатини оширишдаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. 

Ўзбекистон халқ таълими вазири У.Иноятов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёш авлодни билимли, жисмонан соғлом ва юксак маънавиятли инсонлар этиб вояга етказишга хизмат қилаётганини таъкидлади. Таълим тизимига янги педагогик технологиялар ва интерфаол услублар жорий этилаётгани ўқитишни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётир. 

Бу йил ҳам янги ўқув йили учун қизғин тайёргарлик кўрилди. Жумладан, инвестиция дастурига мувофиқ 381 мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан спорт иншоотлари, болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш ҳамда реконструкция қилишга 209,1 миллиард сўм сарфланди. Таълим даргоҳларини мебель, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, компьютер техникаси, спорт анжомлари билан жиҳозлаш ишлари изчил давом этмоқда. 

Янги ўқув йили учун 605 номдаги 34,5 миллион нусха дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар чоп этилиб, жойларга етказилди. 

Янги ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 1-синфига 587 минг ўқувчи қабул қилинади. Айни пайтда улар учун 12 номдаги ўқув қуролларидан иборат Президент совғалари тайёрланиб, таълим даргоҳларига етказилди. Мазкур совғалар Билимлар кунида болаларга тантанали топширилади. 

Бошланғич синф ўқитувчилари учун илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида 7 номдаги услубий қўлланма, мультимедиали дастурлар тайёрланди. Натижада умумтаълим мактабларининг 1-синфларида фанлар тўлиқ илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида ўқитилиши йўлга қўйилади. Мазкур жараён босқичма-босқич барча синфларда давом эттирилади. 

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 10 декабрдаги «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ жорий йилда 1-синфлар учун 553 минг нусха инглиз («Kid's Еnglish»), 21 минг нусха немис («Deutsch Мacht Spab»), 17 минг нусха француз («Hirondelle») тиллари дарсликлари қайта нашр этилди. 2-синф ўқувчилари учун 591 минг нусха чет тили дарсликлари ва ўқитувчилар учун 22 минг нусха услубий қўлланмалар чоп қилинди. Улар ўқувчи китоби, ўқитувчи учун қўлланма ва мультимедиали иловалар (DVD-диск)дан иборат. 

Фанлар бўйича йиғилган илғор тажриба, педагогик технологияларни ўқитувчиларга етказиш мақсадида олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари мактабларга бириктирилиб, ҳар бир ҳудудда “Маҳорат мактаблари” фаолияти йўлга қўйилди. Ўқитувчи ва услубчиларга ўз вақтида сифатли ёрдам кўрсатиш мақсадида масофавий услубий ёрдам тизими – вебинар орқали барча умумтаълим фанлари бўйича видео ўқув-семинарлар ташкил этилди. 

Президентимиз Ислом Каримовнинг Самарқандда ўтказилган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқини ўрганиш юзасидан тегишли ўқув дастури яратилди. Мазкур маъруза умумтаълим мактабларининг 9-синфларида 6 соатлик факультатив машғулотлар сифатида ўқитилади. 

“Соғлом бола йили” давлат дастурига мувофиқ мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, болаларни мактабга тайёрлаш сифати ва ходимларнинг касб маҳоратини оширишга қаратилган 2015-2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастури ишлаб чиқилди. Мактабгача таълимга қамраб олинмаган болаларнинг ота-оналари учун “Болажон” таянч дастури асосида “Нутқ ўстириш, ўқиш ва саводга тайёрлаш”, “Математик тасаввурларни шакллантириш”, “Соғлом танда – соғ ақл” каби беш номдаги қўлланмалар тайёрланди. Мазкур адабиётлар мактаб кутубхоналари орқали ота-оналарга тарқатилади. 

Матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.

Манба: uza.uz

28.08.2014 00:00:00