Республика болалар кутубхонасида Халқ таълими вазирлиги томонидан ан'анавий ўтказиб келинаётган “Мустақиллик мадҳи болалар ижодида” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 Инсон маънавиятини юксалтиришда, унинг қалбини гўзаллик ва эзгуликка ошно этишда, қолаверса, ўқувчи ёшларнинг иқтидорларини намоён этишда сан'ат ва адабиётнинг хизмати катта. “Мустақиллик мадҳи болалар ижодида” Республика кўрик-танлови мактаб ўқувчилари ўртасида энг исте'додлиларни топиш ва рағбатлантиришга қаратилгани билан эътиборлидир.

1-9 синф ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган танловда асосан она Ватан, эл-юрт, озод юртда яшаётган ҳамюртлар қиёфаси, кўкка бўй чўзган дов-дарахтлару яшил табиат манзаралари акс еттирилган.

Тадбир ташкилотчиларининг фикрича, бу йил мазкур танловга Республика болалар кутубхонасининг расмий  kitob.uz веб-сайти ва электрон манзилига мингдан ортиқ ижодий ишлар келиб тушди ҳамда улар ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган талаблар асосида баҳоланди.

Танлов якунига кўра, вилоят босқичларида сараланган, наср ва назм, тасвирий санъат йўналишида мувафаққиятли иштирок этган 9 нафар ўқувчи тақдирланди.

— Бу танловда биринчи марта иштирок этишим, танлов ҳақидаги хабардан “Tong yulduzi” газетаси орқали хабардор бўлдим, — дейди танловнинг ҳикоя йўналиши бўйича 2-ўрин соҳиби Севинч Авазова. — Унда ўзимнинг ҳикояларим билан иштирок етиб, она юртимга, қишлоғимга, ота-онамга, устозларимга ҳурмат-эҳтиромимни билдиришга, замондошларимиз турмушидаги янгиланишларни, бунёдкорлик йўлида меҳнат қилаётган юртдошларимиз ҳаётини ёритишга баҳоли қудрат ҳаракат қилдим. Бундай танловлар ёшлар ўртасида кўпроқ ўтказилса, ўйлайманки, ўзимизга бўлган ишончимиз ва изланишимиз янада ортади.

Танлов ғолибларига Халқ таълими вазирлиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

 

 Наргиза АСАДОВА

11.09.2014 00:00:00