Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг uza.uz сайтида “Кўзбўямачилик: Мактаблар рейтинги имтиҳонларида ўқувчи ўрнига бошқа ўқувчи кириши аниқланди” ҳамда kun.uz сайтида “Кўзбўямачилик: намунали мактабларда имтиҳонда ўқувчи ўрнига бошқа ўқувчи кирганлиги аниқланди” номли мақолалари чоп этилди. Халқ таълими вазирлиги мазкур мақолалар бўйича қуйидагича изоҳ билдиради:
Президент Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва Халқ таълими вазирлигининг 2018 йил 17 декабрдаги қўшма қарорлари билан “Умумтаълим муассасаларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари” тасдиқланган.
Умумтаълим мактаблари фаолияти самарадорлигини баҳолаш жараёнига жами умумтаълим мактабларининг 10 фоизи, шу жумладан Бухоро вилоятидаги умумтаълим мактабларининг 50 таси қамраб олиниши режалаштирилган.
Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг 2019 йил 28 мартдаги “Умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлаш жараёнига оид назорат ишлари ва ижтимоий сўровномаларни ўтказиш тўғрисида”ги буйруғига асосан ишчи гуруҳи томонидан 8-15 апрель кунлари умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчиларидан (она тили фанидан диктант, математика фанидан ёзма иш) назорат ишлари олинмоқда.
Давлат инспекциясининг буйруғига асосан 9-синфлари ичидан қуръа ташлаш йўли билан 1 та синф танланиб, назорат ишлари олиниши белгиланган.
Бухоро шаҳридаги 17-, 35- ҳамда 38-умумтаълим мактаблари томонидан жараён бошлангунга қадар етиб келмаган ўқувчилар ўрнига бошқа синф ўқувчилари киритилган. Бу ҳолат республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ўқувчиларни шахси бирма-бир ўрганилганда аниқланган ва белгиланган тартибда далолатнома расмийлаштирилган.
Юқоридаги ҳолатларга йўл қўйганлиги учун Бухоро шаҳридаги 17-(Х.Бурхонова), 35-(Г.Равшанова), 38-(М.Миракова) умумтаълим мактаблари директорларига вилоят халқ таълими бошқармасининг 2019 йил 9 апрелдаги буйруғи билан “Ҳайфсан” эълон қилинди. Умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлаш жараёнига қамраб олинган қолган мактаб директорлари қатъий огоҳлантирилди.
Умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлаш жараёнига қамраб олинган қолган мактаб директорлари ҳам бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича қатъий огоҳлантирилди.
Халқ таълими вазирлиги жойлардаги мутассадиларни умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлаш жараёнига оид назорат ишлари ва ижтимоий сўровномаларни ўтказиш жараёнида шаффофлик ва адолат мезонларига риоя этишга чақиради.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

11.04.2019 11:48:00