Давлатимиз раҳбари Ислом Каримовнинг 2012 йил 10 декабрда қабул қилинган “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёш авлодга хорижий тилларни ўргатиш тизимини сифат ва мазмун жиҳатидан янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда.

Хорижий тилларни билиш жаҳон маданияти ютуқлари ва ахборот ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини беради, халқаро мулоқотга кенг йўл очади. Фарғона вилоятидаги 905 умумтаълим мактабида 1-, 2-синфларга чет тили дарсларини ўқитиш учун 1808 ўқув хонаси ташкил этилиб, икки минг нафарга яқин педагог жалб қилинган.

Президентимиз раҳнамолигида умумтаълим мактаблари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилаётган алоҳида эътибор чет тилларни ўқитиш самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда. Чет тили фани ўқитувчиларининг “ZiyoNet” тизимидан кенг фойдаланаётгани дарс жараёнига илғор педагогик технологияларни жорий этишда юксак самаралар бермоқда. Илғор таълим муассасаларининг иш тажрибаси оммалаштирилиб, дарслар он-лайн тизими орқали тўғридан-тўғри вилоят педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти тингловчилари томонидан кузатиб борилади.

Мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг ёши ва дунёқарашига мос равишда чет тиллар ўйин тарзида ўргатилмоқда. Боғча ёшидаги болажонлар чет тилида бемалол санашни, ўзини таништириш, ҳафта кунлари ва йил фасллари каби бошланғич билимга эга бўлаётир.

– Мазкур қарор ижроси доирасида таълим муассасаларида ўқитувчилар малакасини оширишга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Фарғона тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Мавлонжон Комилов. – Давлатимиз раҳбарининг, айниқса, қишлоқ жойларга юқори малакали инглиз тили ўқитувчиларини жалб этиш ва уларга имтиёзлар белгилаш борасида кўрсатаётган ғамхўрлиги соҳа мутахассисларини янада масъулият билан ишлашга ундамоқда. Янги ўқув йилида таълим муассасаларига ўттизга яқин чет тили фани ўқитувчиси ишга қабул қилингани ҳам бунинг далилидир.

Туманнинг Миндон қишлоғидаги 11-умумтаълим мактабида чет тилларни ўқитиш борасида бой тажриба тўпланган. 700 га яқин ўқувчи таҳсил олаётган мактабда бешта инглиз тили хонаси ташкил этилган.

Ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражаси юқори. Мактаб педагоглари замонавий техника воситалари билан бирга, ўқитишнинг янги шакл ва услубларидан унумли фойдаланмоқда. Бу эса дарсларнинг янада самарали бўлишига ёрдам бераётир. Машғулотга жалб қилинган ҳар бир ўқувчи оғзаки нутқ амалиёти учун катта имкониятга эга бўлмоқда.

– Давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ мактабда инглиз тили биринчи синфдан бошлаб ўқитилмоқда, – дейди мактаб директори Маъмуржон Қўшматов. – Дарслар турли ўйинлар воситасида, оғзаки нутқ шаклида, мультимедиа технологиялари ва интерфаол усуллардан фойдаланилган ҳолда ўтилмоқда. Масалан, инглиз тилидаги видеодастурлар, мультфильмлар, ранг-баранг расмлар, қўшиқ ва шеърлар болаларга манзур бўлаётир.

 

Манба:www. uza.uz
08.10.2014 00:00:00