Президентимиз ташаббуси билан юртимиз ёшларининг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодини юзага чиқаришга, шунингдек, ўғил-қизларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасидаги қобилиятини намоён қилишлари учун барча зарур шароитлар яратилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбарининг яна бир ташаббуси ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.

Мазкур вазифаларни амалий ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров Фарғона вилоятига ташриф буюрди.

Ташриф давомида Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги бир неча умумий ўрта таълим муассасалари фаолияти билан танишди.

Жумладан, Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари ўқув масканларидаги таълим-тарбия жараёнининг бориши, таълим сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди.

Шу билан бирга, маҳаллий ёшлар билан учрашиб, суҳбатлашди. Учрашув доирасида ўқувчиларга спорт анжомлари тақдим этилди.

Алишер Умаров Ёзёвон туманидаги 35-сонли мактаб фаолиятини ҳам ўрганди.

Бир пайтлари 9-сонли умумий ўрта таълим мактаби филиали бўлган мазкур мактаб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг филиалларни тўлақонли мактабларга айлантириш бўйича қўйган вазифаси доирасида юридик мақомга эга бўлди.

35-сонли умумий ўрта таълим мактаби кичик бўлса ҳам янги бинога эга бўлди. Яқин вақт ичида мактабнинг қўшимча биноларини қуриш режалаштирилган.

Янги мактабда янги кутубхона ишга туширилди. Ташриф доирасида мактабга китоблар ва спорт анжомлари топширилди. Ўқувчилар учун турли маданий тўгараклар ва ёшлар театри ташкил этилди.

21.03.2019 17:29:00