Пойтахтимизда республика болалар ижодиёти фестивали ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.Мамлакатимизда навқирон авлодни маънан етук, жисмонан соғлом бўлиб камол топиши, пухта илм олиши, ўз истеъдод ва қобилиятларини тўла намоён этиши учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган. Президентимизнинг шу йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда “Соғлом бола йили” Давлат дастури бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янада юқори босқичга кўтарди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, Бадиий академия билан ҳамкорликда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг “Камалак” болалар ташкилоти томонидан уюштирилган “Камалак юлдузлари” республика болалар ижодиёти фестивали ўғил-қизларнинг санъатга бўлган иқтидорини аниқлаш, ривожлантириш ҳамда уларнинг таълимдан ташқари бўш вақтини самарали ўтказишга кўмаклашаётгани билан янада аҳамиятлидир.
Бинобарин, фестивалнинг қамрови йилдан-йилга кенгайиб бораяпти. Жумладан, бу йилги тадбир юртимизнинг барча ҳудудларидаги 37 минг 600 нафар санъатсевар ёшларни ўз доирасида бирлаштирди. Беш кун давом этган якуний босқичда 700 нафарга яқин ўғил-қиз иштирок этгани ҳам буни исботлаб турибди. Навқирон авлод вакиллари мумтоз ва миллий мусиқа чолғулари ижрочилиги, анъанавий ҳамда академик хонандалик, хореография, тасвирий ва амалий санъат, наср ҳамда назм йўналишида иқтидорларини намойиш қилди.
Фестиваль лойиҳасига кўра ўтказилган маҳорат сабоқлари, маданий-маърифий масканларга саёҳатлар болажонлар қалбида унутилмас таассуротлар қолдиргани, шубҳасиз.
— Санъат байрамида “Алпомиш”, “Ошиқ ўариб ва Шоҳсанам” каби достонлардан термалар ижро этдим, — дейди Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманидаги 10-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиси Шамсиддин Аҳмедов. — Ўз навбатида, тенгдошларимнинг турли йўналишлардаги чиқишларини яқиндан кузатиб, кўп нарсаларни  ўргандим. Бундай тадбирлар бизларга санъатнинг нозик сир-асрорларини билиш, маҳоратимизни оширишда қўл келади. Тадбирда турли номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Фестивалда болалар бадиий жамоалари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

 

21.11.2014 00:00:00