Халқ таълими вазирлиги томонидан А.Авлоний номидаги Халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда халқ таълими тизимидаги 1000 нафар раҳбар ва мутахассис ходимларнинг масофадан малакасини ошириш бўйича 2019 йил режаси тасдиқланган бўлиб, мазкур режа бўйича январь-апрель ойларида умумий ўрта таълим, ихтисослаштирилган мактаб-интернати, ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари раҳбар кадрлари захираси бўйича 300 нафар тингловчиларни масофадан малакасини ошириш режалаштирилган.

Жорий йилнинг 28 январь куни гуруҳ машғулотлари бошланди. Масофадан малака ошириш менежерлик курсининг тингловчилари учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда 3 та блок 15 та модул бўйича дарс машғулотлари ташкил этилмоқда. Шунингдек, 10 ҳафталик масофавий таълимдан сўнг институтда якуний машғулотлар ва якуний назорат синовлари ўтказилиб, муваффақиятли тугатган тингловчиларга сертификат тақдим этилади.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунда мутахассислар малака оширишда масофавий таълим тизимидан тобора кенгроқ фойдаланиб келмоқда. Бу имкониятнинг афзаллиги масофа ва вақт талаб этмаслиги, тингловчининг ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўз хоҳишига мувофиқ амалга ошириши билан белгиланади.

Эндиликда масофадан ўқитиш таълим тизимидаги раҳбар ва мутахассис ходимларнинг билимини, маҳоратини ва кўникмасини ривожлантириш вазифасини амалга оширувчи малака ошириш механизми сифатида кенг қўлланилади.

 

Халқ таълими тизимига оид сўнги янгиликлар билан вазирликнинг телеграм канали орқали ҳам танишиб боришингиз мумкин.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

31.01.2019 19:09:00