Жорий йилнинг 16 январь куни Самарқанд шаҳридаги 51-сонли немис тилига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабига немис файласуфи, тилшунослик фанининг асосчиларидан бири, Пруссияда гимназия таълимининг ислоҳотларини амалга оширган давлат арбоби, дипломат Вильгельм фон Гумбольдт номи берилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда Халқ таълими вазири ўринбосари Сарвар Бабаходжаев, Германиянинг хориждаги мактаблари Марказий бошқармаси раҳбари Барбара Дамбольдт ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, хусусан, ёшлар таълим-тарбиясига, ўқитувчи-мураббийларга берилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликлар, ўғил-қизларнинг мустақил фикрга эга авлод бўлиб камол топиши учун яратилаётган шароитлар хусусида сўз юритди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиб бораётгани ҳамда фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Тадбир сўнггида меҳмонлар таълим муассасаси фаолияти ва ўқувчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишишди.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

16.01.2019 17:39:00