Жорий йилнинг 15 январь куни Республика “Баркамол авлод” марказида болаларга робот ва дастурларни ишлаб чиқишни ўрганиш имконини берувчи RoboCraft ихтисослаштирилган курсларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

RoboCraft - махсус курслардан иборат бўлиб, машғулотларда ўқувчилар роботларни йиғиш ҳамда уларни дастурлашни ўрганиши мумкин. Мазкур курс асосчилари томонидан ўқув жараёнида ўзига хос ёндашув жорий этилиши, шунингдек, машғулотларни замонавий таълим моделларига таянган ҳолда ўтиш таклифи берилган. Хусусан, курс машғулотлари STEAM методикаси асосида ўтилади. Ушбу таълим модели ўқувчиларга нафақат билим олиш, балки уларни амалда қўллашда ҳам кўмак беради. Бу эса ёшларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириб, келажакда ўзи танлаган касбга осон мослашишига замин яратади.

RoboCraft курслари таълим йўналишидаги давлат ва хусусий секторнинг биринчи қўшма лойиҳаси ҳисобланади. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги қошидаги инновация, технология ва стратегия маркази томонидан хусусий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Таъкидлаш жоизки, RoboCraft машғулотлари Республика “Баркамол авлод” марказида бўлиб ўтади. Марказ ўқув жараёнини осон, технологик қулай ва қизиқарли ўтиши учун барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Келгусида мазкур лойиҳа юртимиздаги барча “Баркамол авлод” марказларини қамраб олади.

Дастлабки босқичда ўқувчилар SCRATCH асосида дастурлаш билан таништирилиб, робот-дизайнер Junior E мисолида мехатроника асослари бўйича таълим олади. Шу тарзда алгоритмлаш бўйича асосий билим ва зарур кўникмаларни олиб,шахсий роботларини бошқаришни ўрганишади.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов тадбирнинг очилиш маросимида мазкур лойиҳа иштирокчиларига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, меҳнат бозоридаги рақобат ҳамда халқаро талаблар ўқувчилардан замонавий билим ва кўникмаларни ҳамда фан, технология, муҳандислик, санъат ва математика йўналишларини пухта ўзлаштиришларини талаб этишини алоҳида таъкидлади. Қолаверса, ушбу лойиҳа ижтимоий соҳа бўйича инвесторларни жалб этиш ҳамда таълим соҳасидаги инновацион ислоҳотлар йўлида давлат ва хусусий шерикликни ривожлантиришга асос бўлишини эслатиб ўтди.

Халқ таълими вазирлиги келгусида сармоядорлар билан биргаликда юқори малакали ва рақобатбардош ёш авлодни тайёрлаш мақсадида “Баркамол авлод” марказларини замонавий АКТ воситалари билан жиҳозлашни режалаштирмоқда.

Қўшма лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишни истовчи барча манфаатдор сармоядорлар мазкур электрон почта орқали мурожаат этишлари мумкин: its@xtv.uz.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

15.01.2019 17:01:29