Ўзбекистонлик ўқувчилар Халқаро математика, кимё ва физика фанлари бўйича (Интеграциялашган) ўтказилган олимпиадада умумжамоа ҳисобида 2-ўринни қўлга киритишди.

Жорий йилнинг 10-13 декабрь кунлари Озарбайжон Республикасининг Баку шаҳрида математика, физика ва кимё фанлари бўйича 16 ёшгача бўлган ўқувчилар ўртасида “Истеъдодлиларни тайёрлаш лабараторияси“ II-халқаро болалар олимпиадасида Бухоро вилояти Қоракўл тумани 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Дониёр Исмоилов ва Севара Остонова ҳамда 8-синф ўқувчиси Лазизбек Ражаббоев иштирок этди.

Мазкур халқаро олимпиадада ўқувчиларнинг иштироки Ўзбекистон ёшлар иттифоқи кўмагида амалга оширилди.

"Истеъдодлиларни тайёрлаш лабораторияси" II-халқаро болалар олимпиадасида12 та давлатдан 112 нафар ўқувчилар қатнашди.

Ушбу олимпиадада ўзбекистонлик ўқувчилар илк маротаба иштирок этишаётган бўлишларига қарамай, математика ва физика фанларидан ғолибликни қўлга киритиб умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгалладилар.

Олимпиада иштирокчилари 15 декабрь кунига қадар Баку шаҳрида дастур доирасида саёҳатларда иштирок этиб, 16 декабрь куни Ўзбекистонга қайтишади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 
13.12.2018 19:11:00