Ўзбекистон Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Хитойнинг China Hainergy New Energy Corp. Ltd (Haier) компанияси бош менежери Жоу Ю бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Узэлтехсаноат” АК иштирокида ташкил этилган учрашувда меҳмонлар вазирликнинг халқ таълими тизимини ислоҳ этиш бўйича режалари билан, жумладан, замонавий информацион технологиялар ва информатика фанидан дастурларни қайта кўриб чиқиш режалари билан танишдилар.

Таъкидландики, ҳозирда мактабларда маълум бир дастурдан фойдаланиш ўргатилмоқда. Бу вазиятни ўзгартириш ҳамда ўқувчиларга дастурлашни ўрганиш имкониятини яратиш режалари борлиги қайд этилди.

Ўз ўрнида, Жоу Ю Haier компаниясининг таълим тизимидаги тажрибаси, ҳамда таълим тизими учун “ақлли синфлар”, “ақлли лабораториялар”, электрон таълим ва бошқа ечимлари ҳақида маълумот тақдим этди. Ушбу ечимлар дунёнинг турли мамлакатларида жорий этилган ва этилиб келмоқда.

Хитой компанияси вакиллари мактаб ўқувчилари ва университет талабалари учун таклиф этаётган компьютер маҳсулотларининг намуналарини намойиш этдилар.

Учрашув доирасида томонлар ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ва Haier компьютер ускуналарини лизингини ташкил этиш истиқболларини муҳокама этдилар.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

23.11.2018 12:28:00