Халқ таълими вазирлиги томонидан 2019-2020 ўқув йилидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида (ҳар бир ҳудудда биттадан) жами 14 та умумтаълим мактаби “Мунозара” клублари фаолияти такомиллаштирилади.

Шу муносабат билан жорий йилнинг 23-25 август кунлари таянч мактаблари учун Республика ўқув-семинари ва унинг доирасида «Мунозара» республика турнири ташкил этилди.

«Мунозара» турнири мустақил фикрлайдиган ўқувчи-ёшларни тарбиялаш, уларда тизимли таҳлил қилиш, мантиқий фикрлаш ва моҳирона мунозара олиб бориш қобилиятларини ривожлантириш, ўқувчиларда ватанпарварлик ҳамда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, ўртага қўйилган муаммога холис ёндаша олиш, ўз фикрларини асослаш, аниқ баён этиш ҳамда ўқувчи-ёшларнинг билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантиришга хизмат қилади.

«Мунозара» турнирида 1-ўринни Самарқанд вилояти, Каттақўрғон шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби, 2-ўринни Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳридаги 14-умумтаълим мактаби, 3-ўринни Тошкент шаҳри, Чилонзор туманидаги 195-умумтаълим мактаби жамоаси қўлга киритди.

Энг нотиқ ўқувчи йўналишида Тошкент вилоятидан Достон Баходиров, Наманган вилоятидан Мадина Раҳимова, Фарғона вилоятидан Махлиё Қуранбаевлар ғолиб деб топилди.

«Мунозара» турнири долзарб мавзуларда ўз фикрини баён қила оладиган ўқувчи-ёшлар мактабини ташкил этиш учун ташланган яна бир қадам бўлди.

27.08.2019 12:13:57