Қорақалпоғистонда сўнгги йиллардаги халқ таълими тизимида ўзгаришлар қисқа фактларда.

Ҳамма нарса таққослашда кўринади, дейишади. Шу боис баъзи рақамлар таҳлилига эътибор қаратдик:

1) Қорақалпоғистон Республикасида 2009-2016 йилларда мактаблар сони 41 тага қисқарган. 2019 йил янги ўқув йилида эса мактаблар сони 21 тага ортаяпти! Жумладан, 9 та янги мактаб қурилаяпти.

2) Президентимиз ташаббуси билан маҳаллий бюджетдан орттириб бажарилаётган қисми жойлардаги раҳбарлар тасарруфида қолиши сабабли ҳудудий раҳбарлар ҳам таълим соҳасига ўз ёрдамларини беришмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида халқ таълими тизимига маҳаллий бюджетдан биргина 2019 йилда ажратилган маблағ миқдори 1991-2016 йилларда жами ажратилганидан кўп (145,8 миллиард).

3) Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2018 йилда 82 та мактабга 12,1 млрд.сўм, 2019 йилда 172 та мактабга 20 млрд.сўм маблағ синфхона ва ўқув-лаборатория жиҳозларини харид қилиш учун ажратилган. Шуни қайд этиш керакки, мустақилликнинг илк йилларидан 2016 йилгача мактабларни жиҳозлаш бўйича маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиш имкони бўлмаган.

4) Мактабларнинг муаммоларидан бири тизимда қўлбола печлардан (буржуйка) фойдаланишдир. 2016 йилда Қорақалпоғистон Республикаси мактабларида уларнинг сони 959та эди. Жорий йилда қолган 275 тасини алмаштирилиши режалаштирилган (фақат баъзи биноларининг ҳолати ёмон ва кейинги йилга дастурга киритиладиган мактабларда бундай печлар қолиши мумкин, улар кейинги йилдаги дастур билан тўлиқ алмаштирилади).

Шерзод Шерматов,
Ўзбекистон Республикаси 
Халқ таълими вазири

 
20.08.2019 15:21:00