Халқ таълими вазирлиги ва Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мактабларда инглиз тили ўқитилишини ислоҳ қилиш лойиҳаси Future English («Келажак инглиз тилиси») доирасида ҳамкорлик қилади.

2019 йилнинг 15 август куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Рейчел Айленд инглиз тили ўқитилишини ислоҳ қилишга қаратилган ҳаракатлар режаси тўғрисидаги келишув хатини имзолади.

Future English лойиҳаси Британия Кенгашининг таълим тизимида инглиз тилини ўрганиш ва ўқитишда сифатни таъминлашга қаратилган глобал стратегик режасини қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, келгусидаги инновацияларни татбиқ этишга ҳамда ривожлантиришга туртки бўладиган тадқиқот ўтказишни кўзда тутади.

Лойиҳанинг асосий мақсади - меҳнат бозорига кириб бораётган ёки олий таълим олишга интилаётган мактаб битирувчиларининг инглиз тили даражаси бўйича кўтарилаётган ва қайта-қайта таъкидланаётган муаммоларни тадқиқ этиш ҳамда инглиз тилини ўқитишдаги миллий сиёсат ва муҳим стратегияларни яратишда қўл ееладиган, халқаро маълумотлар стандартлари билан таққосланиши мумкин бўлган ишончли маълумотлар танқислигини бартараф этишга қаратилган.

Мазкур лойиҳа мавжуд муаммоларни аниқ ва ишончли далиллар тўплаган ҳолда сифатли тадқиқот ўтказиш ҳамда натижалардан келиб чиқиб, ўқитувчиларнинг касбий ривожланиши ва малака оширишига кўмаклашиш орқали ҳал этишни кўзда тутган.  Future English лойиҳа йўналиши инглиз тилини ўқитиш сиёсатини янада самаралироқ ривожлантиришда фойдали бўлувчи маълумот ҳамда натижаларни глобал ва минтақавий даражада таққослаш имконини беради. Вақт ўтиши билан маълумотларнинг янгиланиб бориши энг сўнгги тенденцияларни аниқлаш имконини беради ҳамда миллий тараққиётда инглиз тилининг роли ва таъсирини яхшироқ тушунишга ёрдам беради.

Лойиҳанинг инглиз тилини ўқитишдаги эҳтиёжларни ўрганиш билан боғлиқ тадқиқот қисми ўқитувчиларнинг малакасини мақсадли ошириш миллий тизимини самарали ташкил этиш билан боғлиқ ислоҳотларда, айниқса, фойдали бўлиши кутилмоқда. Бу эса, ўз навбатида ўқитувчиларнинг тил ўргатиш маҳорати ва касбий малакаларини такомиллаштиришга ва унинг натижасида олий таълимга ҳамда меҳнат бозорига кириб бораётган битирувчиларнинг муҳим кўникмаларни эгаллашларига, халқаро мобиллик жараёнида фаол бўлишларига эришиш имконини беради.

Мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистонда Aptis for Teens тести асосида 9-10-синф ўқувчиларининг инглиз тили бўйича билимлари баҳоланади. Лойиҳага камида 150 та маҳаллий мактаблар жалб этилиши кутилмоқда. Олинган маълумотлар асосида ҳисобот тайёрланади ва унинг асосида режалар белгиланиб олинади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов шундай дейди: “Британия кенгаши инглиз тили ўқитилиши ҳамда мактаб тизимини такомиллаштиришда бизнинг муҳим ҳамкоримиздир. Вазирлик фикрига кўра, мактаб битирувчилари камида учта тилни – давлат, рус ва инглиз тилини билиши лозим. Бизнинг янги қўшма лойиҳамиз инглиз тили ўқитилишини яхшилаши лозим, бу эса бизнинг битирувчиларга янги имкониятлар очади.”

Британия кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Рейчел Айленд: “Биз Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорлик қилаётганимиздан ва таълим тизимидаги миллий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаётганимиздан хурсандмиз. Future English лойиҳаси ўқувчилар билими маҳаллий ва жаҳон меҳнат бозори талабларига жавоб бериши ҳамда меҳнат фаолиятининг муваффақиятли бўлишида ёрдам беради. Биз Буюк Британия ва бошқа мамлакатларнинг етакчи тадқиқот агентликлари ва олий ўқув юртларини таклиф этамиз. Улар билан тадқиқотлар асосида таълим соҳасининг устувор йўналишлари аниқланади. Эҳтиёжларни тушунишга имконият яратади ва асосий ҳамкорлар билан узоқ муддатли ечимларни аниқлаб олишга кўмак беради. Бизнинг мақсад, ўқитувчиларнинг профессионал ўсишларини қўллаб-қувватлаш ва ривожланишлари учун рақамли платформалар ва ресурсларини яратишдир”.

16.08.2019 21:59:00