Наманган, Нукус Хива ва Тошкент шаҳарларида ўз фаолиятини бошлайдиган Президент мактабларига ўқувчиларни саралаш жараёни давом этмоқда.

Ҳозирги кунда янги мактаблар биносининг қурилиш ишлари билан бирга ўқувчи ва ўқитувчиларни саралаш ишларининг якуний босқичлари ўтказилмоқда.

17-18 июль куни Наманган, Нукус Хива ва Тошкент шаҳарларида Президент мактабларида ишлаш истагини билдирган маҳаллий ўқитувчилар орасида фан бўйича билим даражасини аниқлаш учун тест синовлари бўлиб ўтди.

Тест синовларида 28 майдан 10 июль кунига қадар Президент мактабларида ишлаш истагини билдирган номзодлар орасидан саралаб олинган мутахассислар иштирок этди.

Қорақалпоқ тили ва адабиёти, она тили ва адабиёти, рус тили, инглиз тили, маънавият асослари, тарих, математика, информатика, биология, кимё, физика ва астраномия ҳамда бошқа фанлардан жами 273 нафар номзод имтиҳонда қатнашди.

Имтиҳондан сўнг номзодлар суҳбатдан ўтади ва энг билимли ўқитувчилар Президент мактабларига ишга қабул қилинади.

Эслатиб ўтамиз, ўқитувчилардан ариза қабул қилиш жараёни 20 июль кунига қадар давом этади. 10-20 июль кунлари ҳужжат топширган ўқитувчилар ҳам тест топшириб, суҳбатдан ўтади. Ушбу мактабларда ишлаш истагида бўлганлар расмий сайт орқали онлайн ариза топширишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз: https://pm.xtv.uz/ariza/.

19.07.2019 12:54:16