Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Ҳужжатга кўра, 2019 йилнинг 1 августидан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори 1,1 баравар оширилади.

Бугун Халқаро пресс-клубнинг Президент фармони мазмун-моҳиятига бағишланган сессиясида халқ таълими вазири ўринбосари Темуржон Комилов ўқитувчиларнинг ойлик маоши ҳақида маълумот берди.

Яқин йилларга қадар ўқитувчининг ойлиги кам бўлган, натижада педагогларнинг мақоми ҳам тушиб кетган эди. Президентимизнинг эътибори билан бугун бу ҳолат ижобий томонга ўзгармоқда.

Халқаро пресс-клубда таъкидланганидек, 2016 йил якунида биринчи тоифали ўқитувчи 930 минг сўм, директор жамғармаси томонидан тўланадиган рағбатлантирувчи мукофот ва бошқа устамалар билан қўшганда қўлига 1,2 млн. сўмга яқин пул олар эди. Жорий йилдан бу тоифадаги ўқитувчилар солиқлардан ташқари барча устамалар билан 2,6 млн сўм атрофида ойлик олмоқда.

Президентимизнинг “Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги фармони ҳамда олдиндан режалаштирилган тартибга кўра, ўқитувчиларнинг ойлик маошлари ҳам ошади. Эндиликда олий тоифали ўқитувчилар учун барча устамалар билан ҳисобланган ойлик маош 3,2 млн. сўмгачани, уларнинг қўлига тегадигани эса 2,9 млн. сўмгачани ташкил этади.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

15.07.2019 16:39:14