Жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонлик “Wunderkind Study” мактабининг 5-синф ўқувчиси Рустам Муҳаммаджонов “HIPPO” халқаро инглиз тили олимпиадасида ғолиб бўлди.

Мазкур танловда жами 40 та давлатдан 36 мингта иштирокчи ўз билимини синаб кўрди. Шундан 32 та давлат финал босқичида Италияда инглиз тили фанидан беллашди.

Эътиборлиси, мазкур халқаро олимпиадада Ўзбекистон мактабларида таҳсил олаётган ўқувчилар ҳам иқтидорларини намоён этди. Уч босқичда ўтказилган танловда мамлакатимиздан икки нафар ўқувчи муваффақиятли қатнашиб, яна бир бор юртимиз номини дунёга танитди.

Жумладан, Рустам Муҳаммаджонов энг юқори 101 балл билан 1-ўринни эгаллади. Ўзбекистонлик ғолибга Американинг Mizzou Academy мактабида 2 ҳафталик бепул таълим олиш имконияти ҳамда халқаро инглиз тили ташкилотлари Pearson, IESOL томонидан сертификатлар топширилди.

Шунингдек, “Lider Taʼlim” мактабининг 6-синф ўқувчиси Рамиз Зоҳрабов 85 балл тўплашга муваффақ бўлди.

Ватанимиз Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган ўқувчилар Рустам Муҳаммаджонов ҳамда Рамиз Зоҳрабовларга келгусида бундан-да улкан зафарлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.

Таъкидлаб ўтиш керакки, жорий йилнинг 3 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга кўра, Халқ таълими вазирлиги тузилмасида 14 та штат бирлигидан иборат Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ташкил этилади. Мазкур департамент мамлакатимизнинг билимли ёшларини халқаро мусобақа ҳамда олимпиадаларга тайёрлаб боради. Эслатиб ўтамиз, ушбу департаментга ишга жойлашиш истагида бўлган номзодлар ўз резюмеларини www.ish.uzedu.uz сайтига жойлаштиришлари мумкин.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 
 
08.06.2019 15:54:11