Ўзбекистонда дарсликларни яратиш тизимини такомиллаштириш мақсадида Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Дарсликлар илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Маълумки, сўнгги вақтларда дарсликларга эътирозлар кўпайиб, турли хатолар учраётгани ҳақида фикр билдирилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги мазкур тизимни тубдан такомиллаштириш, муаллифлар билан ишлаш, янги авлод дарсликларини яратиш мақсадида Дарсликлар илмий-тадқиқот институтини ташкиллаштиришни таклиф этмоқда.

ХТВ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Дарсликлар илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини муҳокама учун эълон қилди.

Қарор лойиҳасига кўра, Дарсликлар илмий-тадқиқот институти умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасидаги дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни ўрганиш, яратиш ҳамда уларни таълим тизимида қўлланилиши бўйича хулоса берувчи ягона илмий-тадқиқот олиб борувчи муассаса бўлади.

Дарсликлар илмий-тадқиқот институти давлат таълим стандартлари ва ўқитишнинг сифат жиҳатидан замонавий тизимига мос тарзда ташкил этилади. Шунингдек, ўқувчиларда таҳлил қилиш, билимларни мустақил ўзлаштириш, амалиётда қўллай олишнинг ҳаётий малака ва кўникмаларини шакллантиришга хизмат қиладиган дарсликлар ҳамда ўқув-методик мажмуаларнинг илмий асосланган янги авлодини ишлаб чиқиш бўйича илмий-тадқиқотлар олиб боради.

Шу билан бирга, институт болаларнинг турли ёш гуруҳи, психологик хусусиятларининг ўзига хослигини эътиборга олган ҳолда янги авлод дарсликлар, ўқув-методик мажмуалар, шунингдек таълимий ахборот воситаларини такомиллаштиришда миллий ҳамда хорижий тажриба, замонавий ишланмаларнинг мазмуни ва тузилишини  комплекс ўрганади.

Дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг сифати, мазмунини таҳлил қилиш бўйича халқаро илғор тажрибаларга асосланган ягона баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш, экспертиза қилиш, апробациядан ўтказиш жараёнига илмий ва услубий кўрсатма бериш Дарсликлар илмий-тадқиқот институтининг асосий вазифалари сирасига киради.

Дарсликлар илмий-тадқиқот институтининг ходимлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизими бошқарув ходимларининг чекланган сони доирасида шакллантирилади ва уларга Республика илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлар бўйича ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.

Халқ таълими вазирлиги

Ахборот хизмати

08.06.2019 13:53:28