Янги ресурс маркази ташкил этилмоқда

 

Халқ таълими вазирлиги ҳузурида “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ресурс маркази ташкил этилади.

 

Мазкур марказ “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, миллий тренерларнинг доимий фаолиятини йўлга қўйиш,  ҳудудлар билан яқин методик ҳамкорликни ўрнатиш, амалиётчи тренерлар тайёрлаш, ота-оналар, уларнинг фарзандлари ва кенг жамоатчилик ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, қолаверса республика ва ҳудудий ўқув семинарларини ташкил этиш ва ўтказишда амалий кўмак бериш мақсадида ташкил этилмоқда.

 

Шунингдек, марказ фаолияти давомида 7-10 ёшдаги болалар ўртасида “Оила ва мактаб биргаликда”, 10-14 ёшдаги болалар ўртасида “Фарзандлар тарбиясида оилалар билан ҳамкорлик” дастурларини республика бўйича татбиқ этади.

 

Фарзандлар тарбиясида ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, маҳалла ва таълим муассасалари фаоллигини ошириш; ота-оналарнинг фарзандлар тарбиясидаги ўрни, мажбурияти, масъулияти ва фарзандлар билан ўзаро муносабатларни мустаҳкамлашга кўмаклашиш марказнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

 

Маълумот учун, “Оила-маҳалла-таълим муассасаси” ҳамкорлиги Жамоат кенгаши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги 175-сонли қарорига асосан Халқ таълими вазирлиги ҳузурида ташкил этилган.

 

Халқ таълими вазирлиги

Ахборот хизмати

17.03.2015 00:00:00