Жорий йилда республикамизнинг 42 та мактабида инклюзив таълим жорий қилиниб, уларга 76 нафар имконияти чекланган болалар қабул қилинди

Мамлакатимиз келажаги - ўсиб келаётган ёш авлод таълим-тарбияси учун барча шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор вазифалардан биридир. Айниқса, алоҳида эътиборга муҳтож бўлган болаларнинг таълими ва ижтимоий ҳимояси муҳим аҳамиятга эга соҳа саналади. 

Баъзи сабабларга кўра ривожланишида муаммолари бор болаларнинг умумий ёки ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим ва тарбия олишлари, ижтимоийлашуви ва жамият ҳаётига интеграциялашуви доимий давлат эътиборидаги масалалардир. 

Ҳукуматимизнинг қатор қонун ҳужжатларида жамиятимизнинг бир бўлаги бўлган алоҳида ёрдамга муҳтож болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга таълим-тарбия бериш, соғлом болалар қаторидан ўрин олиб ўз қобилияти, имкониятларини кўрсата олишга, маънавий комил топишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Жумладан, бугунги кун талаблари асосида инклюзив таълимни жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида янги таҳриридаги Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунига инклюзив таълим тушунчаси киритилди.

Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини такомиллаштириш ҳамда уларга кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан 2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси ҳамда 2020-2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепциясини 2020-2021 йилларда амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" тасдиқланди. 

2021/2022 ўқув йилида тажриба-синов тариқасида шаҳарларда ҳамда Тошкент шаҳрининг туманларида жойлашган биттадан умумтаълим мактабларида жами 42 та умумий ўрта таълим мактабларида инклюзив таълим тизими жорий қилинди. Ушбу мактабларнинг инклюзив синфларига 76 нафар ўқувчи қабул қилинди.

Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис марказида Инклюзив таълим лабораторияси ташкил этилди. Инклюзив таълим лабораторияси томонидан раҳбар ходимлар, психологлар ва ўқитувчилар учун “Инклюзив таълимнинг сифат ва самарадорлигини аниқлаш мезонлари”, “Алоҳида эҳтиёжлари бўлган болаларга инклюзив шароитда таълим-тарбия беришда инновацион технологияларни қўллаш” номли методик қўлланмалар ҳамда  инклюзив синфлар учун  17 номда,  коррекцион 1-синфлар учун  28 номда адаптив дастурлар, инклюзив синфларда коррекция ишларини олиб бориш бўйича “Эшитамиз, кўрамиз, чиройли гапирамиз” номли ўқув қўлланма ишлаб чиқилди.

Ҳукуматимиз томонидан ривожланишида турли нуқсонлари бўлган ҳамда даволаниш ва соғломлаштиришга муҳтож бўлган болаларнинг ижтимоий кафолатларини таъминловчи саъй-ҳаракатлар, коррекцион ва реабилитацион ишлар натижасида имконияти чекланган болаларни инклюзив таълим шаклида умумий ўрта таълим мактабларига қайтарилиши ошади, деган умиддамиз.

Baham ko'ring: