Вазир ўринбосари якка тартибда уйида таълим олаётган ўқувчига ноутбук совға қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, вазирлик ва идоралар масъул ходимларининг Самарқанд вилоятидаги оммавий сайёр қабуллари давом этмоқда.

Бугун, 11 ноябрь куни Каттақўрғон шаҳрида мазкур шаҳар ҳамда Нарпай, Пахтачи ва Каттақўрғон туманлари аҳолиси учун сайёр қабул ўтказилди. Унда фуқароларнинг халқ таълими тизимига оид, жумладан, ишга жойлашиш, дарс соатларининг камлиги, мактабларни таъмирлаш ва янгисини қуришга доир мурожаат ва шикоятларини Халқ таълими вазирининг ўринбосари Иброҳим Жўраев қабул қилди.

Сайёр қабул доирасида вазир ўринбосари Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов билан биргаликда, Каттақўрғон туманидаги 56-мактабнинг 10-синф ўқувчиси, жисмоний имконияти чекланганлиги боис айни пайтда уйида якка тартибда таълим олаётган Мустафо Туроповнинг хонадонида бўлди. И.Жўраев ўқувчи билан дилдан суҳбатлашиб, таълим олиши учун уйда яратилган шароитлар билан танишди. Вазир ўринбосари Мустафога ноутбук ҳамда китоблар жамланмасини совға қилди.

bd0a0d4213508270eba30.jpg

—Ахборот технологияларини чуқур ўзлаштириб, келажакда ушбу йўналишда олий таълим муассасасида ўқиш ва албатта, соҳанинг билимли ва тажрибали эгаси бўлиш ниятим бор, — дейди 56-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Мустафо Туропов. — Вазир ўринбосари уйимизга келиб, ўқишларим билан танишгани, ноутбук ҳам совға қилгани мен учун катта хурсандчилик бўлди. Энди ўзимнинг шахсий ноутбугим борлиги мақсадларимга эришишимга ёрдам беради. Вазир ўринбосари ва барча ҳомийларимизга мингдан-минг раҳмат!

Шундан сўнг, Каттақўрғон шаҳридаги 2-мактабда Халқ таълими вазири ўринбосари раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрда қабул қилинган мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштиришга доир Фармон ва Қарорларини ўрганишга бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.

Вазир ўринбосари Иброҳим Жўраев семинарда иштирок этган Каттақўрғон шаҳридаги мактаб директорлари ҳамда уларнинг ўринбосарларига мазкур муҳим ҳужжатларда халқ таълими ходимларининг олдида турган долзарб вазифаларни тушунтирди. Бошқарма бошлиғи С.Усмонов мактаб таълим-тарбия жараёнларидаги қатор камчиликларга тўхталиб, уларнинг ечими бўйича таклифларини билдирди.

fa0f1fdd7fa038a371ccb.jpg

Дарҳақиқат, Каттақўрғон шаҳридаги сайёр қабул якунланди. Фуқароларнинг баъзи мурожаатлари шу жойнинг ўзида ҳал этилди. Муддат талаб қилинадиган масалалар юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.

Айни пайтда оммавий сайёр қабул Паяриқ туманидаги истироҳат боғида Оқдарё, Иштихон, Қўшработ ҳамда Паяриқ туманлари аҳолиси учун давом этмоқда.

Baham ko'ring: