Ўзбекистонда кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 150 та мактаб ташкил этилади

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14 та таянч ихтисослаштирилган мактабларни ташкил этиш, бунда Абу Али ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатини ушбу мактаблар мақомига мослаштириш ҳамда республика туман (шаҳар)ларида босқичма-босқич кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 150 та мактаблар ташкил этилиши белгиланган.

Таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактабларда кимё ва биология фанларини самарали ўқитишни мувофиқлаштириш учун уларга олий таълим муассасаларининг 55 та кафедралари бириктирилади.

Ташкил этиладиган таянч ихтисослаштирилган мактаблар ва ихтисослаштирилган мактабларга олий таълим муассасаларининг кафедралари, илмий-тадқиқот муассасалари ва ишлаб чиқариш тармоқлари бириктирилади. Бириктирилган ташкилотлар мактабларни олий ва профессионал таълим, илмий-тадқиқот муассасаларини дарсликлар, лаборатория жиҳозлари ва ускуналар билан таъминлаш, ўқитувчилар малакасини ошириш ва стажировка ўташини ташкил этиш, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш, хорижий мутахассисларни жалб этиш, ўқувчиларни халқаро нуфузли олимпиадаларда қатнашиш ва бошқа харажатларини қоплашда яқиндан кўмаклашади.

Ўтказилган баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, ихтисослаштирилган мактабларга қабул қилинган кимё ва биология фанлари ўқитувчилари ҳамда раҳбар кадрлари (директор ва ихтисослашган фан бўйича директор ўринбосари)нинг базавий тариф ставкасига нисбатан амалда белгиланган устама ҳақи миқдори 2021 йил 1 январдан бошлаб 50 %гача оширилади.

Олий ва ўрта махсус таълим ҳамда Халқ таълими вазирликлари 2020 йил 1 декабрга қадар кимё ва биология фанлари ўқитувчиларини тайёрлаш дастурларини хорижий университетлар тажрибаси асосида таҳлил қилиб, такомиллаштиради.

Давлат тест маркази 2021 йил 1 февралга қадар кимё ва биология фанларидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизимини жорий қилади.

Миллий сертификатга эга ўқувчилар давлат олий таълим муассасасига ўқишга киришда кимё ёки биология фанидан тест синови топширишдан озод этилади ҳамда уларга тегишлилигига кўра кимё ёки биология фани учун белгиланган максимал балл берилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги 2021 йилдан бошлаб илғор хорижий тажриба асосида таълим муассасалари учун ўқув ва илмий адабиётларни яратиш бўйича миллий танлов ташкил қилади.

Танлов ғолиблари Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш фонди ҳисобидан 100 млн. сўмдан бир марталик мукофот пуллари билан тақдирланадилар.

2021 йилдан бошлаб ҳар 2 йилда бир маротаба олий таълим муассасалари талабалари орасида кимё ва биология фанлари бўйича Абу Райҳон Беруний номидаги халқаро фан олимпиадалари ўтказилади.

Мазкур олимпиадаларда ғолиб бўлган талабаларга бир марталик мукофот тақдим этилади ҳамда тегишли йўналишлар бўйича олий таълим муассасалари магистратурасига давлат гранти асосида имтиҳонсиз ўқишга кириш ҳуқуқи берилади.

Бундан ташқари, олий таълим муассасаларининг кимё ва биология таълим йўналишлари талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаси ғолиблари ҳамда кимё ва биология фанлари бўйича нуфузли халқаро олимпиадалар совриндорларини магистратурага тегишли мутахассисликлар бўйича ўқишга ажратилган квота доирасида давлат грантлари асосида имтиҳонсиз қабул қилиш жорий этилмоқда.

Шунингдек, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб кимё ва биология йўналишларида кадрлар тайёрлаётган барча олий таълим муассасалари умумтаълим мактаблари битирувчи синфлари ўқувчилари ўртасида кўп босқичли (туман (шаҳар) – вилоят – олий таълим муассасаси) кимё ва биология фани бўйича ўзининг олимпиадасини ўтказиш ва 1-3 ўринларни эгаллаган ўқувчиларни олий таълим муассасасининг маблағлари ҳисобидан имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиш тартиби жорий этилмоқда.

Олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларни рағбатлантириш мақсадида 2021 йилдан уларга бир маротаба ойлик маошининг 100 % миқдорида ҳақ тўлаш, шунингдек кимё ва биология фанлари бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларга ўқув йили давомида олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ойлик маошларига 25 % миқдорида устама ҳақ белгилаш тартиби жорий этилади.

Baham ko'ring: