Ўзбекистон мактабларига рақамли технологиялар нега керак?

Бугунги кунда мактаб ўқувчиларининг ота-оналари баъзида ҳал этилиши ва назорат қилиниши мушкул бўлган кўплаб қийинчиликларга дуч келмоқда. Ҳатто ўзларини буткул оилага бағишлаган оналар ҳам ҳар доим мактабдаги воқеалардан хабардор бўлишга улгурмайди. 

Болалар жазоланишдан қўрқиб, баъзан ота-оналарини алдайди: баҳоларни ўчиради, иккиларни тўғрилаб қўяди, хулқи ёки дарс қолдирган ҳақидаги танбеҳларни бўяб ташлайди. Оналар ва оталар мактабда ҳаммаси яхши деб ўйлайди, кейин эса ота-оналар йиғилишида фарзандларининг ўзлаштириши ёмон экани ёки уларнинг номуносиб хулқи ҳақида билиб, ҳайрон қолади. Натижада бу сирлар ҳамма учун жиддий бошоғриққа айланади.

Технологиялар – мактаб муаммоларининг ечими 

Бугун бутун дунёда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам, таълим тизимига жорий этилаётган рақамли технологиялар ана шу муаммоларни бартараф этишга хизмат қилмоқда. Масалан, электрон кундалик ёрдамида ота-оналар уйдан чиқмасдан ва ишдан чалғимасдан баҳоларни, уй вазифаларини ва давоматни назорат қилиши мумкин. Ушбу рақамли восита энг муҳим янгиликларни, масалан, жадвалдаги ўзгаришларни ёки байрам формасида келиш заруратини билиш имконини беради. Агар бирор ўқитувчи ёки бошқа ота-оналар билан бирор масалани муҳокама қилиш керак бўлса, буни ҳам тизим ичида тез ва осон бажариш мумкин. Ушбу қулай имкониятдан фойдаланиш учун эса интернетга уланадиган ҳар қандай гаджет – смартфон, планшет ёки компьютер керак бўлади, холос. 

Илғор мамлакатлар тажрибаси 

Бугунги кунда таълим соҳасидаги рақамли технологиялар энг кўп муҳокама қилинадиган мавзуга айланган. Уларнинг тарафдорлари ва уларга қарши бўлганларнинг кўплаб фикр-мулоҳазалари мавжуд, бироқ мактаб таълими соҳасида жуда юқори натижаларни намойиш этаётган мамлакатлар, масалан, Финляндия, Корея, Америка тажрибаси бугунги кунда технологиялардан фойдаланмасдан болаларни бугунги ҳаётга сифатли тайёрлаш имкони йўқлигини кўрсатмоқда. Хусусан, Финляндия мактабларида рақамли воситалар ўқувчиларга ишда ва жамиятда рақобатбардош ва кучли бўлиш имконини берадиган кўникмаларни шакллантиришга ёрдам беради. Уларнинг орасида танқидий фикрлаш, креативлик, катта ахборот оқимидан энг муҳимини ажратиб олиш ва ундан тўғри фойдаланиш, жамоада ишлаш қобилияти, аппаратура ва интерфейсларнинг ишлаш асосларини тушуниш каби кўникмаларни кўрсатиб ўтиш мумкин. Хельсинки шаҳрининг рақамли етакчиси Паси Силандернинг фикрича, ўқувчиларда айнан шу келажак билимларини ривожлантириш зарур, чунки соф техник кўникмаларни (фактларни эслаб қолиш, ҳисоблаш ва ҳ.к.) келгусида у ёки бу ҳажмда машиналар ўз зиммасига олади. Айтиш жоизки, Финляндияда ўқувчилар АҚШ ўқувчиларига қараганда мактабда йилига 300 соат кам вақтини ўтказади, уларнинг уй вазифалари эса Россия ўқувчилариники  сингари кўп эмас. Бу мамлакатда таълим кўпроқ болаларнинг тадқиқотлар ва ҳамкорликдаги лойиҳалар доирасида мустақил ишлашига мўлжалланган, уларни бунга рақамли технологиялар рағбатлантиради. Ўқитувчига эса устоз роли берилган бўлиб, у ҳар бир ўқувчига нисбатан шахсий-мўлжалли ёндашувни қўллайди. Аммо бу тизим муваффақиятли ишлаши учун ўқитувчиларнинг ўзи таълим учун мўлжалланган рақамли воситаларнинг ишлаш тамоллийлари  ва механизмларини яхши тушуниши лозим. Шу маънода Корея Республикасининг тажрибаси жуда қизиқарли. Бу мамлакатда ўқитувчиларнинг малакасини ошириш тизими масофавий таълимга урғу берган ҳолда ташкил қилинган. Шунингдек бу ерда таълим соҳасида электрон ахборот хизмати мавжуд бўлиб, унга мамлакатнинг исталган фуқароси мурожаат қилиши мумкин. Шу билан бирга, Кореяда уйда таълим олиш электрон тизими ҳам амал қилади, у мактабдан келгандан кейин ўқув жараёнини уйда давом эттириш учун мўлжалланган. Тизим “ақлли” диагностикани таъминлайди ва масофадан туриб к маслаҳатлар  тақдим этади. Қўшни  Россияда ҳам таълим соҳасида кўп йиллардан буён технологиялар фаол қўлланиб келинмоқда. Мактабдаги дарсларда ва машғулотлардан сўнг болалар ўтилган материални рақамли таълим тренажёрлари ёрдамида мустаҳкамлайди, уй вазифаларини ва электрон кундалик орқали ўрганиш учун қўшимча материалларни олади, ота-оналар учун эса бу жараёнларни онлайн-режимда назорат қилиш қулай. 

Мотивация — ривожланиш двигатели

Электрон кундаликда ўқувчи баҳони тузатиб қўёлмайди ёки уни ўчириб ташлай олмайди. Шу тариқа болаларда дарс пайтида охирги партада жимгина ўтирмасдан, балки фаолроқ бўлишга, ўз истеъдоди ва салоҳиятини намоён этишга кўпроқ мотивация бўлади. Бунда ўқитувчи бевосита дарс пайтида ота-онага шарҳ ёзиши, ўқувчини мақташи ёки, аксинча, унинг номақбул хулқига эътиборни жалб қилиши мумкин. 

Кўп ҳолларда ўқувчи уйга келиши билан синфдошларига “Уйга нима вазифа берилганди?” дея қўнғироқ қила бошлайди. Натижада уй вазифасини бажариш бир неча соатга чўзилиб кетади, дам олишга ва ўз-ўзини ривожлантиришга кам вақт қолади. Электрон кундаликда эса ҳаммаси қайд этиб борилади: уй вазифалари, қолдирилган дарслар, шарҳлар, баҳолар, тадбирлар ҳақидаги эълонлар. Агар уй вазифасини бажариш жараёнида ўқувчида савол туғилса, уни бевосита тизим орқали ўқитувчидан аниқлаштириб олиши мумкин. Педагог, ўз навбатида, қўшимча ўқув материалини тақдим этиши, видеодарсга ҳавола жўнатиши мумкин. Бундай ёндашув ўқувчида мустақилликни, интизомни ва ўз ютуқлари ва муваффақиятсизликлари учун масъулият ҳиссини шакллантиради. Қўшимча таълим ресурсларидан фойдаланиш болаларга янги билимлар ва кўникмаларга эга бўлишга ёрдам беради.

Бугун мактаблар интернет ва компьютерлар билан жиҳозланмоқда. Бу ўқитувчилар ва ўқувчиларга электрон кундаликлар билан ишлаш қулай бўлиши, ўз вақтини тежаши ва ўзини кўпроқ ижодий томондан намоён этиши учун зарур. 

Ўқитувчи учун фойда 

Яқинда ўқитувчиларнинг педагогик юкламасини оптималлаштириш мақсадларида тўлдириладиган ҳужжатлар сони қисқартирилди. Энди ўқитувчилар электрон журнални бевосита дарс пайтида тўлдириши мумкин. Бунда давоматни текширишга, уй вазифасини тушунтиришга ва баҳоларни эълон қилишга вақт сарфлаш хожат эмас. Электрон журнал ва кундаликдан кўп йиллар давомида фойдаланаётган мамлакатлар тажрибаси ҳар чоракда педагоглар унинг ёрдамида 20 соатдан ортиқ вақтини тежаётганини кўрсатмоқда.Ўқитувчилар бу вақтни болалар билан ижодий топшириқларни бажаришга ёки қўшимча ўқув материалини ўтишга сарфлаши мумкин.

Жаҳон тажрибаси эса рақамли таълим платформалари билимлар сифатини оширишини ҳамда дарсларни қолдириш фоизини камайтиришга, ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини оширишга ва ўқитувчиларнинг кундалик меҳнатини осонлаштиришга ёрдам беришини кўрсатди. Энди бундай технологиялардан мамлакатимизда ҳам фойдаланиш мумкин, бу эса кишини қувонтирмасдан қолдирмайди, албатта.

 

Baham ko'ring: