«Ўзбек тили бўйича энг яхши видеодарс» танловининг ғолиблари пул мукофоти билан тақдирланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида умумтаълим мактабларида ўзбек тили ўқитиш методикасини такомиллаштириш ва оммалаштиришга қаратилган «Ўзбек тили бўйича энг яхши видеодарс» услубий-ижодий ишлар танлови ташкил этилди.

Мазкур танловнинг мақсади Халқ таълими тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган ўқитувчиларнинг она тили (ўзбек тили) ўқитиш методикасини такомиллаштиришга қаратилган ижодий ишларини қўллаб-қувватлаш, она тили фанининг ўқитилиши бўйича илғор педагогик фаолиятни кенг тарғиб этиш ҳамда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишдан иборат.

Танловга умумтаълим муассасаларида фаолият кўрсатаётган она тили ва ўзбек тили фанлари ўқитувчилари амалдаги ўқув дастурлари асосида икки йўналишда: ўзбек тили ҳамда она тили фанлари бўйича ижодий ишларини тақдим этишди. Жорий йилнинг 20 августидан 20 сентябрига қадар давом этган танлов учун тайёрланган видеодарс ва унинг тақдимоти электрон шаклда @видеодарс_неwбот телеграм боти орқали қабул қилинди. Она тили ўқитувчиларидан қабул қилинган 4 мингдан ортиқ видеодарслар 2020 йилнинг 20 сентябридан 10 октябрига қадар ҳакамлар ҳайъати томонидан сараланди ҳамда 15 октябрга қадар бўлган муддатда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида онлайн овоз бериш учун ҳавола этилди.

Ғолибларни тантанали равишда тақдирлаш маросими пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги 238- умумтаълим мактабида ўтказилди. Танлов якунига кўра, икки йўналиши бўйича 1-, 2-, 3-ўрин соҳиблари қуйидаги миқдорда пул мукофотлари билан Ўзбек тили байрами арафасида тақдирландилар:

1- ўринга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробарида;

2-ўринга базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 баробарида;

3-ўринга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баробарида.

Baham ko'ring: