Унинг иш фаолиятини кўплаб педагогларга ўрнак сифатида кўрсатса бўлади

Мактабда бошланғич синф ўқитувчиларининг ўрни алоҳида ҳисобланади. Сабаби улар мактабга илк қадам қўйган ёш ниҳолга ҳарф танитади. Илк ҳаётида бошланғич маънавий зина вазифасини ўтайди.

Машрабхон Умарованинг жуда кўпчилик зукко, талабчан, ҳаракатчан, изланувчан, устоз сифатида яхши танийди. 1996 йилдан буён Яккасарой туманидаги 144-умумий ўрта таълим мактабида ишлаб келмоқда. Мактабдаги қарийб 24 йиллик меҳнат фаолияти давомида ўзининг тиниб тинчимаслиги билан бошқа ўқитувчилардан ажралиб туради.

Машрабхон Умарова таълим сифатини юқори босқичга кўтариш, дарс сифатини ошириш, тажрибаларни ўрганиш ва тарғибот қилиш, иш тажрибаларни оммалаштириш, ўқувчиларни фанларга қизиқтириш, шунингдек иқтидорли ва изланувчан ўқувчиларни аниқлаш ва рағбатлантириш, уларнинг ижодий фаолликларини кучайтириш борасида мунтазам равишда иш олиб борган.

2010 йилда Машрабхон Умарова «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг Республика босқичида совринли 1-ўринни эгаллаган.

2011 йилда Машрабхон Умарованинг «Дарсда кўргазмали қуроллардан фойдаланиб ўқувчиларнинг оғзаки нутқини ривожлантириш» мавзусида илғор иш тажрибаси республикада оммалаштирилди.

2017 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика Университетида ўтказилган «Бошланғич таълим ва жисмоний маданият йўналишида сифат ва самарадорликни ошириш: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги Республика илмий-амалий анжуманида «Бошланғич таълимда инновацион ёндашув ва мультимедиа воситаларидан фойдаланиш» мавзусидаги тақдимоти иштирокчилар томонидан юқори баҳоланди.

2018 йилнинг 6 декабрида Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ўтказилган Халқаро илмий-амалий конференцияда «Бошланғич таълимда ўқитишнинг самарали шакл ва методлари» мавзусидаги илмий мақоласи билан иштирок этиб, диплом билан тақдирланди.

2019 йилнинг январь ойида «Касбий фанлар методикаси» маънавий-маърифий, илмий-методик журналида «Нутқий компетенцияларни ривожлантириш» мавзусидаги илмий мақола чоп этилди.

Машрабхон Умарова мустақиллик йилларидан сўнг таълим тизимига жадаллик билан татбиқ этилган ахборот коммуникация технологияларидан дарсларида самарали фойдаланади, ўзининг шахсий “www.mashrabxon.uz” веб-сайтида таълим сифатини оширувчи методикалар, энг сўнгги янгиликларни ҳамкасбларига тақдим этиб, ўзаро тажриба алмашиб келмоқда.

Мактабда «Қизиқарли математика» ҳамда «Чиройли ёзув» тўгаракларига раҳбарлик қилади. Унга синфдаги барча ўқувчилар жалб этилган. Мазкур тўгаракларда фаол иштирок этган ўқувчилар турли танловларда совринли ўринларни қўлга киритмоқда. Хусусан, «Ёш иқтидор эгалари», «Йилнинг энг билимдон ўқувчиси» «Конституция-менинг тақдиримда» шиори остида ўтказилган кўрик-танловларнинг турли йўналишларида фахрли 1- ва 2-ўринларни эгаллаб, эндиликда юқори синфларда турли беллашув ва фан олимпиадаларида юқори натижаларни кўрсатиб келмоқда.

Кўрсатилган юқори кўрсаткичли фаолияти инобатга олиниб, Машрабхон Умарова Тошкент шаҳридаги “British schcool” мактабида ҳам ўриндошлик асосида ўзбек тили фанидан бошланғич синф ўқувчиларига дарс бериб келмоқда.

1-, 2-, 3-, 4-синф она тили дарсларида бошланғич синф ўқитувчилари учун илғор педагогик ва ахборот коммуникация технологияларини амалиётга жорий этиш бўйича 4 та методик қўлланма ва мультимедиа иловаларини яратган.

Бошланғич таълимда ўқитиладиган фанларнинг давлат талаблари ва ўқув дастурларини оптималлаштириш, янги авлод дарсликларини яратиш ва тажрибадан ўтказиш бўйича доимий янги таклиф ва ғоялар билан Республика таълим маркази қошидаги Илмий-методик кенгаши аъзоси сифатида фаол иштирок этади.

Коронавирус пандемияси шароитида таълим узлуксизлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган «Онлайн мактаб»да 3-синфлар учун она тили, ўқиш, математика, одобнома, табиатшунослик фанларидан 93 соатдан ортиқ дарс ўтди. У томондан ўтилган дарслар ўқувчи ва ўқитувчи, ҳамда ота-оналар томонидан юқори баҳоланиб, ижтимоий тармоқлар орқали жуда кўплаб ижобий фикрлар билдирилган.

Машрабхон Умарова ҳар чоракда ота-оналар йиғилишини ноанъанавий тарзда ўтказиб, ўқувчиларнинг эгаллаган билимларини сарҳисоб қилиб, ота-оналарга намойиш этади. Уч хил йўналишдаги кубокларни қўлга киритиш учун ҳар бир ўқувчи ҳаракат қилади ва кўкрак нишонларини олиб, ота-оналарининг ишончини қозониши анъанага айланган. Бу эса ота-оналарнинг ҳам фарзанд тарбиясида масъулиятини ошириб, ҳам мактаб ва оила ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Машрабхон Умарова серқирра фаолияти самарасида миллий мафкурамизнинг асосий ғоялари: юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, Ватан равнақи, миллатлараро тотувлик каби тушунчаларни ҳар бир дарси ва тадбирларда тўғри талқин қилиб, ёшларни ўз изидан эргаштира олади. Машрабхон Умарованинг иш фаолиятини жуда кўп педагогларга ўрнак сифатида кўрсатса бўлади.

2010 йилда «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси» нишони билан, 2011 йилда «Шуҳрат» медали билан, 2020 йилда «Халқ таълими фидойиси» нишони билан мукофотланган.

Халқ таълими тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати билан жамоатчиликнинг ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган. «Барча ютуқларимнинг замирида ота-онамнинг, қолаверса, устозимнинг дуолари сабаб деб ўйлайман» - дейди Машрабхон Умарова.

Аслида Машрабхон Умарованинг бу касбни танлашида биринчи устози Салима Сотқиналиева сабабчи бўлган. 1981 йилда Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 20-сонли умумтаълим мактабининг биринчи синфига қабул қилинган. Устознинг ўқувчиларга бўлган меҳри бир умр юрагида сақланиб қолган.

«Устозимиз нафақат билим берган, балки бутун меҳр-муҳаббатларини бизга бахшида этган. Ҳар гал Фарғонага борсам устозимни кўриб дуосини олиб келаман. Устозни эъзозлаш ва ҳурмат қилиш ҳар бир шогирдга фарз деб ўйлайман. Бекорга устоз отангдек улуғ дейилмаган. Устозлар бизга тарбия, билим беради. Ҳаётда ўз ўрнимизни топишда уларнинг ўрни катта. Улар ҳам бизнинг ютуқларимиздан доим қувониб юради. Уларнинг менга айтган тилаклари, дуолари доим ижобат бўлмоқда. Мен ҳам устозимга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилайман. Барча эришган муваффақиятларимда устозимнинг ҳиссаси бор» – деб устози ҳақида ғурурланиб гапиради Машрабхон Умарова.

 

Baham ko'ring: