Халқ таълими вазирлигига баъзи вилоятларда мактабларда ўқитувчилар иштирокида, жумладан маҳаллий ҳокимият вакиллари талабларига кўра, турли мажлислар ўтказилаётганлиги ҳақида маълумотлар етиб келмоқда

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш юзасидан республика махсус комиссияси томонидан ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этиладиган тадбирлар, мажлислар ва йиғилишларга чекловлар киритилган.

Халқ таълими вазирлиги ўқитувчилар иштирокида мажлислар ўтказиш бўйича топшириқ бермаган. Вазирлик вилоят халқ таълими бошқармаларига ортиқча мажлислар ва йиғилишлар ўтказмаслиги бўйича топшириқ берди.

Шу билан бирга Халқ таълими вазирлиги маҳаллий ҳокимият вакилларини ўқитувчиларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилмасликларини талаб қилади.

Эслатиб ўтамиз, “Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”га Президентнинг 2018 йил 14 августидаги қарори қабул қилинган. Унда халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, шу жумладан, туман ва шаҳарлар ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш, мавсумий қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа турдаги ишларга жалб қилиш тақиқланади.

Baham ko'ring: