Тошкент халқаро таълим университети ва University of Portsmouth ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди

Тошкент халқаро таълим университети ва University of Portsmouth Higher Education (Буюк Британия) олий таълим соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришни режалаштирмоқдалар.

Жорий йилнинг 27 июль куни Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси кўмагида Тошкент халқаро таълим университети ректори Сарвар Бабаходжаев ва University of Portsmouth Higher Education Corporation проректори Крис Чанг Англашув меморандумини имзоладилар. Ҳужжатни имзолаш маросими видеоконференция форматида бўлиб ўтди.

photo2021-07-2821-57-39.jpg

Меморандум доирасида томонлар ҳамкорликда Педагогика, жумладан STEAM йўналишида ўқитувчиларни тайёрлаш, Ахборот технологиялари, Бизнес бошқарувига оид қўшма таълим дастурларини яратиш ҳамда ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқишни келишиб олдилар.

University of Portsmouth келажакда таълим муассасалари орасида талабалар алмашинувини йўлга қўйишга алоҳида қизиқиш билдирди. Таълим муассасалари профессорларнинг алмашинувини ҳам йўлга қўйишни режалаштирганлар. Қўшма тадқиқотлар ташкил этиш ва тадқиқотларга ҳомийлик маблағларини жалб қилиш ҳамкорликнинг йўналишларидан бири бўлади. Университетлар ҳамкорликда турли семинарлар ва конференциялар ўтказиш ҳамда тажриба алмашишни режалаштирганлар.

photo2021-07-2821-57-46.jpg

Меморандумни имзолаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Саид Рустамов, Халқ таълими вазири маслаҳатчиси Улуғбек Касимхўжаев, Британия Кенгашидан Р.Эверитт ва Ж.Гулямова, Тошкент халқаро таълим университети ва University of Portsmouth вакиллари иштирок этишди.

Видеоконференция доирасида иштирокчилар Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасида таълим соҳасида ҳамкорлик масалалари, Тошкент халқаро таълим университети ва University of Portsmouth ўртасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.

Baham ko'ring: