Таътил пайтида ўқитувчилар ўз фаолиятларини давом эттирадилар

2020 йилнинг 16 март кунидан Ўзбекистон Республикасидаги барча умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун таътил эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.

Шу муносабат билан ўқитувчилар ишга чиқишлари керакми деган саволлар тушмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш юзасидан республика махсус комиссияси томонидан давлат ва хусусий ташкилотлар иш фаолиятига ўзгартириш ҳақида қарор қабул қилинмаган. Фақатгина улар томонидан ташкил этиладиган тадбирлар, мажлислар ва йиғилишларга чекловлар киритилган.

Ташкилотлар ва уларнинг ходимлари иш тартибига ҳеч қандай ўзгаришлар киритилмади. Бундан келиб чиқиб ўқитувчилар ўқувчилар учун эълон қилинган таътил даврида ўз фаолиятларини давом эттирадилар. Бунда ўқитувчилар баҳорги таътил кунларига режалаштирган ишларини амалга ошириб, педагогик юкламалар доирасида фаолият (мисол учун, методологик ва тайёргарлик ишлари) юритишади, ходимларнинг оилавий шароитидан келиб чиқиб, заруриятга кўра педагогик юкламаларини масофавий тарзда бажарилишига имкон берилади. 

Эълон қилинган таътил даври учун белгиланган юқоридаги тартиб меҳнатига соатбай ҳақ тўланадиган ходимларга нисбатан татбиқ этилмайди. 

Шу билан бирга таълим муассасаларининг асосий ходимлари Ўзбекистон Республикаси Меҳнат қонунчилиги доирасида хоҳиш истакларига кўра, белгиланган меҳнат таътилининг бир қисмини олишлари мумкин.

Baham ko'ring: