Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фанини босқичма-босқич амалиётга жорий қилиш чоралари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди

Халқ таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фанини босқичма-босқич амалиётга жорий қилиш чоралари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қарор лойиҳаси муҳокама учун “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими”га жойлаштирилди.

Мазкур қарор лойиҳаси умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг ёши ва психофизиологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда уларнинг онгига умуминсоний қадриятлар ва юксак маънавиятни янада чуқур сингдириш, уларни ватанпарварлик ва инсонпарварлик руҳида тарбиялаш, умумий ўрта таълим муассасаларидаги маънавий-тарбиявий ишларни янгича асосда ташкил этиш, шунингдек “Одобнома”, “Ватан туйғуси”, “Миллий ғоя” ва “Дунё динлари тарихи” каби фанларни бирлаштирган ҳолда ягона “Тарбия” фанини босқичма-босқич жорий қилиш мақсадида ишлаб чиқилди.

Қарор лойиҳасига кўра умумий ўрта таълим муассасаларида “Тарбия” фани 1-9-синфларда 2020-2021 ўқув йилидан, 10-11-синфларда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич амалиётга жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Қарор билан “Умумий ўрта таълим муассасаларининг 1-11-синфлари учун “Тарбия” фани Концепцияси”ни, “Тарбия” фанидан дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратиш бўйича тузувчилар гуруҳи таркибини тасдиқлаш назарда тутилмоқда.

2020 йилнинг апрель-май ойларида “Тарбия” фанининг 1-9-синф дарсликлари ва ўқув-методик мажмуалари тажриба-синовдан ўтказилади.

Тажриба-синов натижаларига кўра такомиллаштирилган ҳолда чоп этилган янги форматдаги замонавий “Тарбия” дарсликлари ва уларнинг мультимедиа иловалари янги ўқув йили бошлангунга қадар мактабларга етказиб берилади.

Baham ko'ring: