Таълим сифати паст мактаблар жамоаси натижага ишлаш учун бор имкониятини сафарбар этишлари зарур, акс ҳолда бу ишни бошқа жамоа амалга оширади!

Президентимиз Мурожаатномада таълим сифатини барча мактабларда кўтариш бўйича жуда катта вазифани белгилаб бердилар. Бунинг учун таълим сифати паст мактабга бошқа тумандан борган малакали ўқитувчи учун 50% устама, бошқа вилоятдан келганига эса 100% устама бериш кўзда тутилаяпти.

Хабарингиз бор, битирувчисининг биронтаси ҳам олий таълим муассасаси (ОТМ)га кирмаган мактабларда узоқ вақт ишлаган раҳбарларни лавозимдан олиш бўйича чоралар бошлангани сабаб, ушбу мактаблар жамоаси ҳаракатга тушиб, бир йил ичида бундай мактаблар сони 3 баробар камайди! 

Буёғига ўқувчилар битиришига атиги ярим йил қолди. Шунинг учун ушбу графикда кўрсатилган тўқ қизил рангдаги (0%) ва қизил рангдаги (10 фоизгача кўрсатгичга эга) мактаблар учун бу йил жуда катта синов йили бўлади. Шунинг учун, ушбу мактаблар жамоаси бирлашиб натижага ҳаракат қилиши зарур! Аввалгидек, биз кетсак, ўрнимизга ўқитувчи топилмайди дейиш хомхаёлдан бошқа нарса эмас. 

Вазирлик, вилоят ва туман бўлинмалари ходимлари ҳам бундан буён ФАҚАТ қизил (10 фоизгача кўрсаткичли) мактабларга бориб, улардаги аҳволни яхшилаш бўйича ишлайди. Яшил категориядаги мактабларга умуман бормаса ҳам бўлади, уларга халақит қилинмаса бўлди асосийси. Уларда яхши ёш кадрлар бўлса, қизил категориядаги мактабларнинг раҳбар лавозимларига тавсия этиш керак холос. Шундагина ушбу яшил мактаблардаги ижобий муҳит қизил мактабларга ҳам тезроқ тарқалади.

photo2021-01-0601-51-35.jpg

PS. Албатта, бу масала эртага анчагина шов-шув, хайпга айланиши ҳам мумкин, чунки ҳеч ким ишдан шундоқ кетишни хоҳламайди. Лекин, мактабда ўқувчиларга таълим-тарбия берадиган ўқитувчилар ишлаши керак, уларни фақат ҳурматини ошириб, қўшимча шароит яратишга ҳаракат қилиб борамиз. Аксинча, ўзини устида ишламайдиган, адашиб мактабга келиб қолган, аввалги мажбурий меҳнат тизимида қандайдир сақланиб юрган инсонларга интернетда хайп кўтаришга ҳаракат қилгандан кўра, секин мактабдан бошқа жойдан иш топишни маслаҳат берамиз. Бундан буёғига мактаблар фақат натижага ҳаракат қилади, ўқитувчилар ҳам ўз устида ишлашлари зарур. Вилоятларда бир ставкада бир нечта ўқитувчи ишлаётган мактаблар ҳам анчагина, ўқитувчиларнинг умумий сони ставкаларнинг сонидан 80 мингдан ортиқ!

https://t.me/shshermatov

Baham ko'ring: