PISA баҳолаш дастурига тайёргарлик доирасида навбатдаги масофавий ўқув-семинарига старт берилди

Ўқиш саводхонлиги нафақат таълим тизимида, балки бошқа соҳаларда ҳам ютуқларга эриш учун асос, зарурият ҳисобланади. Ўқувчининг китоб ўқиш қобилиятига эътибор қаратиш, жумладан, маълумотни танлаш, тушуниш, талқин қилиш ва баҳолаш кўникмаларини аниқлаш PISA тадқиқотининг асосий мақсадларидан биридир.

Хўш, ўқиш саводхонлиги тушунчасига қандай таъриф берилади?

Ўқиш саводхонлиги – шахс ўзининг билим ва салоҳиятини ривожлантириш, жамиятда ўз ўрнини топиш мақсадига эришиши йўлида матнларни тушуниш, улардан фойдаланиш, улар устида мулоҳаза юритиш ҳамда уларга муносабат билдириш қобилияти демакдир.

photo2020-08-1421-39-35.jpg

Халқ таълими вазирлиги томонидан халқаро PISA тадқиқотига тайёргарлик доирасида жорий йилнинг 14 августидан 19 августига қадар ўқиш саводхонлиги йўналиши бўйича мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги таянч мактабларнинг тренер ўқитувчилари, фан методистлари ҳамда ҳудудий малака ошириш марказларининг ўқитувчилари учун ўқувчиларнинг ўқиш саводхонлигини ошириш бўйича ўқитиш методлари, ўқувчилар билимига қўйилган халқаро талаблар ҳақидаги билим ва малакаларини ошириш, тренер ўқитувчиларни тайёрлаш мақсадида навбатдаги видеосеминарларга старт берилди.

Онлайн семинарда PISA дастурининг ўқиш саводхонлиги йўналиши бўйича доменнинг тузилиши, матнни баҳолаш ва мулоҳаза юритиш, шакл ва мазмун ҳақида мулоҳаза юритиш, тафовутларни аниқлаш ва улар билан ишлаш кўникмаларини ривожлантириш, матн турлари, топшириқда муаммоли вазиятлар ифодаланадиган контекстлар, топшириқларнинг когнитив даражалари, жавоб форматлари ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, PISA дастурининг стандарт ҳамда интерактив топшириқлари таҳлил этилиб, топшириқларни бажариш ва баҳолаш ёндашувлари бўйича ўқитувчиларнинг малакаси оширилди.

Видеосеминарда иштирок этган тренер-ўқитувчилар томонидан таянч мактабларига бириктирилган ўқитувчилар учун масофавий ўқув-машғулотлари ташкил этиш белгилаб олинди.

photo2020-08-1421-39-56.jpg

Эслатиб ўтамиз, Халқ таълими вазирлиги томонидан 2020 йил 23 июндан 2 июлга қадар математик саводхонлик йўналишида 1500 нафар, 6 июлдан 15 июлга қадар табиий фанлар саводхонлиги йўналиши бўйича 1856 нафар педагоглар иштирокида биринчи босқич видеосеминарлар ташкил этилган эди.Қарор лойиҳаси муҳокамаси жорий йилнинг 26 август кунига қадар давом этади.

Baham ko'ring: