Таътил пайтида ўқувчилар онлайн олимпиадаларда иштирок этиши мумкин

Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекциясининг тарқалишини олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш мақсадида умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари учун 2020 йилнинг 16 март кунидан эътиборан қўшимча таътил эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Онлайн олимпиадаларни ташкил этиш ҳамда иқтидорли ўқувчилар заҳирасини шакллантириш” ахборот тизими olympiad.uzedu.uz веб-сайти ишга туширилди.

2020 йилнинг 24 март кунидан бошлаб, умумтаълим мактабларининг 4-11-синфлари ҳамда академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун 5 та фандан - математика, физика, кимё, биология, информатика ва ахборот технологиялари фанларидан - республикамизда илк бора онлайн олимпиада ташкил этилади.

Онлайн олимпиадада ўқувчилар ихтиёрий равишда, масофавий тарзда иштирок этишлари мумкин. Олимпиадада иштирок этиш мутлақо бепул бўлиб, бунинг учун ўқувчилар Халқ таълими вазирлигининг olympiad.uzedu.uz вебсайти орқали онлайн рўйхатдан ўтиши ва таҳсил олаётган таълим муассасаси масъул ходими томонидан электрон тарзда тасдиқдан ўтишлари лозим бўлади. Ўқувчилардан олимпиада ўтказиладиган муддатдан камида бир кун олдин рўйхатдан ўтишлари сўралади.

Онлайн олимпиада топшириқлари мураккаблик даражаси турлича бўлган 20 та тест саволларидан иборат бўлиб, уларни бажариш учун ҳар бир ўқувчига 60 дақиқа вақт ажратилади. Ажратилган вақт якунига етгач, ўқувчилар ўз рейтингларини кўришлари ҳамда олимпиадада иштирок этганлиги тўғрисидаги сертификатларини электрон тизимдан юклаб олишлари мумкин.

Азиз ўқувчилар, онлайн олимпиада ўз билимларингизни синаш учун қулай имкониятдир.

Халқ таълими вазирлиги Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш Департаменти онлайн олимпиада иштирокчиларига омад тилайди! https://t.me/olimpdep.

Baham ko'ring: