Ноёб педагогик маҳорат соҳибаси

Болажон биринчи синфга қадам қўяр экан, унга мактабнинг муқаддаслигини, муваффақиятга эришишининг пойдевори бўлган ўқиш ва ёзишни, санашнию фикрлашни ўргатадиган инсон – бу биринчи муаллимдир.

Биринчи устоз болаларнинг нафақат ўқитувчиси, балки рамзий маънода онаси ҳамдир. 4 йил давомида ҳар бир ўқувчисига алоҳида меҳр, эътибор, талабчанлик билан муносабатда бўладиган, болаларнинг истеъдодини юзага чиқариш учун ҳар бирига алоҳида ёндашадиган, устозлардан бири Тошкент шаҳри, Яккасарой тумани, 144-умумий ўрта таълим мактаби бошланғич таълим фани ўқитувчиси Нодира Азизовадир.

Мана 26 йилдирки, Нодира Азизова юқори малакали педагог сифатида ёш авлоднинг билим ва тафаккурини юксалтириш, уларни соғлом ва баркамол қилиб вояга етказиш, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш борасида самарали меҳнат қилиб келмоқда.

Н.Азизова фаолияти давомида 4 та ўқув-услубий қўлланма яратган.

Янги авлод дарсликларини тажриба-синовдан ўтказиш бўйича Республика таълим марказининг эксперт гуруҳи аъзоси сифатида «Алифбе», «Ўқиш китоби», «Она тили» дарсликларини такомиллаштиришда ўзининг амалий таклифлари билан фаол иштирок этиб келмоқда. Амалдаги «Алифбе» дарслиги тақризчиси, «Савод ўргатиш» методик қўлланмаси тузувчи муаллиф, «Савод ўргатиш» методик қўлланмаси учун мультимедиа иловаси тузувчи муаллиф, 1-синфлар учун «Атрофимиздаги олам» методик қўлланмаси учун мультимедиа иловаси тузувчи муаллиф, мактаб ўқувчилари учун «Ҳуснихат дафтари» ўқув қўлланмаси муаллифидир.

n.jpg

Тажрибали устоз томонидан 2019 йилнинг ўзида бошланғич синфлар учун «Бир чизиқли дафтарда ёзув машқи», 1-синф ўқувчилари учун «Атрофимиздаги олам фанидан тест топшириқлари», 2-синф ўқувчилари учун «Атрофимиздаги олам фанидан иш дафтари» методик қўлланмалари ишлаб чиқилган.

Унинг ташаббуси билан мактабда «Ёш ота-оналар» клуби фаолияти йўлга қўйилиб, «Оила-маҳалла-таълим муассасаси» концепцияси асосида ўқувчиларнинг таълим-тарбиясида ота-оналар билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган.

Унинг ўқувчилари турли йилларда «Ифодали ўқиш», «Чиройли ёзув» йўналишларида, «Математика», «Она тили» фанлари бўйича ўтказилган турли танловларда етакчи ўринларни эгаллаб келишмоқда.

Ўқувчиларнинг муваффақияти бежиз эмас. Зеро, «болалар деганингизни эмас, қилганингизни қилади», деб бекорга айтилмаган. Бу жажжигина истеъдодларнинг устози 2017 йилда «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси» кўрик-танловининг шаҳар босқичида совринли 1-ўринни эгаллаган.

Н.Азизованинг «Бошланғич таълим» журналида чоп этилган туркум мақолалари (2017 йил 1-сон: «Китобга муҳаббат уйғотиш мактаби», 2-сон:«Китобни аввал ўзимиз ўқиб, уқайлик», 4-сон: «Болада китобга меҳр уйғотиш: узвийлик, изчиллик, эътибор ва рағбат», 8-сон:«Китоб ўқиб ёзма нутқни ривожлантириш») ни касбдошларининг эътирофига сазовор бўлган. Туркум мақолалари билан Н.Азизова мазкур журнал томонидан эълон қилинган танловда «Энг яхши методик материал» номинацияси ғолиби бўлган.

Тажрибали, меҳнатсевар, ақл-заковатли, тиришқоқ, камтарин, изланувчан бўлган бу устоз 2017 йилда Тошкент шаҳри миқёсида фанлар интеграцияси орқали ўқувчиларни дарсларга бўлган қизиқишларини ўстириш бўйича «Сўз» мавзусида маҳорат дарси ўтказган.

Устознинг ҳар бир дарсини намуна сифатида олиш, очиқ дарс сифатида ўрганиш мумкин. Унинг ўтаётган дарсларидан нафақат синф ўқувчилари, балки уларнинг ота-оналари ҳам тез-тез баҳраманд бўлиб туришади.

Бугунги кунда бутун дунё тақдирини ўзгартириб юборган пандемия сабабли таълим тизими ўз фаолиятини онлайн давом эттирар экан, Н.Азизованинг дарсларидан нафақат ўз шогирдлари, балки бутун республика болалари баҳраманд бўлишди. Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган «онлайн-мактаб» лойиҳаси давомида ўзи каби фидокор устозлар сафида 4-синф учун математика, она тили, ўқиш, табиатшунослик, одобнома каби фанлардан телевизион сабоқларни олиб борди.

Н.Азизова телевидение орқали ўтган онлайн-дарслари учун турли вилоятларда фаолият юритаётган ўқитувчилардан ва уларнинг ўқувчилари ҳамда ота-оналаридан жуда кўп ижобий фикрлар ва ташаккурномалар келмоқда. «Онлайн мактаб» лойиҳаси ўқитувчининг янги қирраларини очиб берди ва лойиҳанинг энг пешқадам қаҳрамонларидан бирига айланди.

Юқори малакали педагог, жонкуяр ва самимий инсон сифатида ҳамкасблари ҳамда аҳоли ҳурматини қозонган.

Нодира Азизованинг тинимсиз меҳнати бесамар кетмади. У халқ таълими тизимининг «Халқ таълими фидоийси», «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишонлари билан тақдирланди.

Baham ko'ring: