ХТВ тизимидаги таълим муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича юзага келаётган тушунмовчиликлар юзасидан баёнот

Маълумки, ходимлар меҳнатига ўз вақтида ҳақ тўлаш, шунингдек, уларни санитария-эпидемиологик вазият даврида моддий томондан қўллаб-қувватлаш ҳар қандай соҳанинг асосий ва муҳим вазифалардан бири саналади.

Ҳеч кимга сир эмаски, коронавирус пандемияси шароитида янги ўқув йили бошланиши билан халқ таълими соҳасида фаолият олиб бораётган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашда турли ёндашувлар ва тушунмовчиликлар вужудга келмоқда.

Шу нуқтаи назардан, жорий йилда Халқ таълими вазирлиги ва Молия вазирлиги томонидан тасдиқланган қўшма хат орқали айни вақтда ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича муаммога айланиб бораётган тушунмовчиликларга аниқ ечим берилди.

Жумладан, иш ҳақи тўловларини амалга оширишда қуйидаги ҳолатлар ва тушунмовчиликларга алоҳида эътибор қаратиш лозим:

  • коронавирус инфекцияси билан касалланган вақтинчалик меҳнатга лаёқатсиз ўқитувчиларнинг дарс соатлари тегишли мутахассислиги бўйича бошқа ўқитувчиларга вақтинчалик юклатилади ва уларга соатбай иш ҳақи тўловлари амалга оширилади.

 

  • вақтинчалик ўтилмаслиги тавсия этилган айрим фанлар, шу жумладан жисмоний тарбия, чақириққа қадар бошланғич ҳарбий тайёргарлик, мусиқа маданияти, тасвирий санъат ва чизмачилик, технология ва тарбия фанларидан ўқитувчиларга асосий иш жойидан ойлик тўлиқ тўланади.

 

Бунда фақатгина ўриндош сифатида меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш асосида ишловчи ўқитувчиларга мазкур фанларни ўтилишига рухсат берилгунга қадар иш ҳақи тўловлари амалга оширилмайди;

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартидаги 140-сон қарори билан тасдиқланган Низомда белгиланган икки гуруҳга бўлиб ўқитиладиган айрим фанлар бўйича ўқитувчиларга ажратилган дарс соатлари 2020-2021 ўқув йили учун шакллантириладиган тарификация рўйхатига киритилади ва ушбу соатларга иш ҳақи тўловлари амалга оширилади;

«Баркамол авлод» болалар мактабларининг тўгарак раҳбарлари томонидан тўгарак машғулотлари амалда ўтказилган ҳамда ушбу машғулотларда қатнашган ўқувчилар томонидан бадал тўловлари ҳақиқатда амалга оширилганда, яъни ушбу тўловларни тасдиқловчи ҳужжатлари бўлган тақдирда, тўгарак раҳбарларига белгиланган тўловлар амалга оширилади.

Бироқ, ота-оналар бадали тўловидан озод этилган ўқувчилар билан ишловчи тўгарак раҳбарларига иш ҳақи тўловлари ҳеч қандай шартларсиз тўланади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, вазирлик томонидан халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш, уларни келгусида такрорланишини олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг аниқ йўналишини белгилашга хизмат қилади.

Baham ko'ring: