Мактаб ўқитувчилари юритиши лозим бўлган ҳужжатлар янада соддалаштирилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги Фармони билан тасдиқланган “2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури”га мувофиқ ўқитувчиларнинг ҳисоботларини қисқартириш, уларнинг асосий эътиборини дарс машғулотларини янада қизиқарли қилиб ўтишларига учун керакли шарт-шароитлар яратиш вазифаси белгиланган. 

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш, халқаро тажрибаларни таълим тизимига кенг жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2018 йил 27 июлдаги 9-мҳ ва 19-ққ қарори (рўйхат рақами 3058, 2018 йил 20 август) билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”га ўзгартириш киритилмоқда.

Бунда умумтаълим мактабларининг ўқитувчилари томонидан юритиладиган ҳужжатлар сонини 3 тадан (синф журнали, йиллик тақвим-мавзуий режa, кундалик дарс ишланмалари (конспект) дафтари) – 1 тагача (синф журнали (босма ёки электрон) қисқартириш кўзда тутилмоқда.  

Ушбу ўзгартиришлар ўқитувчиларнинг педагогик юкламасини оптималлаштириш, уларни асосий юкламадан ташқари бошқа ҳисобот ва ортиқча қоғозбозликдан озод қилиш ҳамда дарс ўтиш сифати ва мазмунига кўпроқ вақт ажратиши учун шароит яратади.

“Online maktab” лойиҳасини муваффақиятли давом эттириш, бундан барча мактабларда фанлар бўйича тақвим мавзуий режаларни бир хилликка келтириш мақсадида, эндиликда тақвим мавзуий режалар Республика таълим маркази томонидан ишлаб чиқилиб, тасдиқланади ва ўқув йили олдидан вазирликнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.

Юқорида таъкидланган Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилаётган умумий ўрта таълимнинг “Миллий ўқув дастури” доирасида барча фанлардан “Ўқитувчи китоби”ни яратиш ва жорий этилиши орқали мактаб ўқитувчилари томонидан кунлик дарс ишланмаси (конспект) ёзиш талаби босқичма-босқич бекор қилиниши режалаштирилган.

Эндиликда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ўқитувчилардан ўз устида кўпроқ ишлаш, мавжуд таълим ресурсларини, жумладан электрон ресурсларни тўлиқ ўзлаштириш ва дарс жараёнида кенг қўллаш талаб этилади.

“Умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик мутахассисликлари бўйича намунавий йиллик иш режасини шакллантириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қарор лойиҳаси regulation.gov.uz сайтига муҳокамага қўйилди.

Baham ko'ring: